2019 йил 25-27 апрель кунлари Пекинда "Бир макон, бир йўл" иккинчи халқаро форуми бўлиб ўтди. Хитой ташаббуси ўтган 5 йил давомида замонавий глобал ривожланиш кун тартибининг ажралмас қисмига айланди. У бугунги кунда Осиё, Европа ва Африканинг 4,4 млрд аҳолиси бўлган 60 дан ортиқ мамлакатини бирлаштиради. БМБЙнинг асосий мавзулари БМТ, G20, ОТИҲ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳужжатларига киритилган.

Ўзбекистон Республикаси "Бир макон, бир йўл" ташаббусини аввал-бошданоқ қўллаб-қувватлади. Мамлакатнинг БМБЙга жалб этилиши барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш, бутун Марказий Осиёга ижобий таъсир кўрсата оладиган муҳим транспорт ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг устувор мақсадларига  эришиш нуқтаи назаридан муҳим саналади.

Тошкентнинг БМБЙ бўйича позицияси мамлакатимизнинг Пекин билан ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича устувор йўналишлари билан бир қаторда бормоқда. Хитой Ўзбекистоннинг этакчи савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорларидан ҳисобланади. 2018 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 35 фоизга ошиб, 6,42 млрд долларга етди. Ўзбекистон ҳудудида Хитой сармояси иштирокида 1121 корхона фаолият кўрсатмоқда. 2018 йилда 344 корхона ташкил этилиб, бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан 2 баробар кўпдир. Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган Хитой сармояларининг умумий қиймати 8 млрд доллардан ошади.

Президент Шавкат Мирзиёев БМБЙ форумининг иккинчи йиғилишидаги иштироки доирасида ХХР раиси Си Цзинпин ва Бутунхитой халқ вакиллари мажлиси доимий қўмитаси раиси Ли Чжаншу билан музокаралар ўтказди.

Си Цзиньпин  учрашувда таъкидлаганидек, Хитой Ўзбекистонни муҳим стратегик ҳамкор деб билади ва Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, умумий ривожланиш ва фаровонликка эришиш учун биргаликда ишлашга тайёр.

Хитой раҳбарининг сўзларига кўра, президент Шавкат Мирзиёевни "Бир макон, бир йўл" ташаббусининг асосчиларидан бири деб аташ мумкин, Ўзбекистоннинг БМБЙ форумидаги иштирокига эътибори эса икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг юқори даражада эканлигини  кўрсатади.