Озиқ-овқат хавфсизлиги доим долзарб масалалардан бири бўлиб келган. Айни пишиқчилик вақтида бу масалага янада жиддий эътибор бериш талаб этилади. Сабаби, бу даврда мевалар, полиз экинлари пишиб етилади ва бозорларда бу маҳсулотларнинг савдоси янада авжига чиқади. Айниқса, қовун-тарвуз савдосини ёз кунларида бозорлардан ташқари, ҳар қадамда учратишимиз мумкин.
Хўш, айни шу даврда озиқ-овқат хавфсизлиги талабларига етарлича эътибор бериляптими? Бу маҳсулотлар тегишли тартибда лаборатория текширувидан ўтгандан кейин савдога чиқариляптими?
Мазкур саволларга жавоб топиш мақсадида Самарқанд вилояти, Пахтачи туманида ўрганиш олиб бордик.

Ушбу тумандан М-37 автомагистраль йўли ўтган. Йўл четида тарвуз-қовунлар савдосини учратиш мумкин. Аммо бу маҳсулотлар савдосининг энг «иссиқ нуқтаси» Султонобод бозори ҳисобланади.
Бу ерда ҳафтанинг чоршанба ва якшанба кунлари бозор бўлади. Юк машиналарида тарвуз-қовунлар олиб келиниб сотилади. Қолган кунлари эса Султонобод бозори жойлашган М-37 йўли чети асосий савдо масканига айланади (Бозордаги тартибсизликлар, умумий овқатланиш масканларидаги антисанитар ҳолатлар алоҳида мавзу).


Бозор ичи ва йўл бўйидаги ушбу полиз маҳсулотларини кузатар эканмиз, бирорта ҳам лаборатория текширув хулосасини кўрмадик. Аслида бу маҳсулотлар танлаб олинган ҳолда махсус текширувдан ўтгандан кейин савдога қўйилиши керак. Афсуски, Пахтачи туманида ҳеч ким бу тартибга амал қилмаяпти. Султонобод бозорида бозорларда бўлиши лозим бўлган лабораторияни ҳам кўрмадик.
Маълумки, ушбу маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқарувини соғлиқни сақлаш, давлат санитария-эпидемиология назорат марказлари, ветеринария, ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан амалга оширилади.
Шунга мувофиқ, Пахтачи тумани ҳудудида тарвуз-қовун маҳсулотларини махсус лаборатория текширувисиз сотилаётган ҳолати юзасидан изоҳ олиш учун Самарқанд вилоят давлат сантария-эпидемиология назорат маркази бош врачи Манзура Отамуродова билан боғландик.
Мутасадди лаборатория текшируви ветеринария бошқармаси томонидан олиб борилишини билдириб, бу ҳақидаги саволларга улар жавоб бериши лозимлигини билдирди. Аммо озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва уни назорат қилишга ДСЭНМ ҳам масъул эканлигини эслатганимизда Отамуродова буни тасдиқлаб қўя қолди, холос.

















