Фан-техника | 11:40 / 10.07.2019
14282
2 дақиқада ўқилади

Афсонавий Volkswagen Beetle – “Қўнғиз” тарихга айланди

Фото: Flickr / Better Than Bacon

Тарихдаги энг оммавий автомобиллардан бири Volkswagen Beetle – “Қўнғиз” ишлаб чиқарилиши 10 июлда Мексиканинг Пуэбла шаҳридаги заводда тўхтатилади. Ушбу модел бу заводда 1967 йилдан бери йиғилган.

Excelsior порталининг эслатишича, бу модел бутун дунё бўйлаб 80 йилдан кўпроқ вақт давомида ишлаб чиқарилган. 1996 йилдан эса фақатгина Мексикада йиғилган. Умумий ҳисобда турли моделдаги “Қўнғиз”лардан 21,5 млн дона ишлаб чиқарилган.

2003 йилдан Мексикадаги заводда янгиланган Beetle New ишлаб чиқарила бошланган, 10 июлда эса бу моделнинг махсус партияси йиғилиши якунланиб, бу машиналардан охиргиси музейга жўнатилади.

Дастлаб “Қўнғиз” 1930-йиллар охирларида нацистлар Германиясида пайдо бўлган, бироқ Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан унинг ишлаб чиқарилиши ҳарбий техника ишлаб чиқариш зарурати сабабли деярли тўхтаган. Урушдан кейин немис концерни моделни ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйган.  

Яқин вақтгача бу машиналар Мехикода арзонлиги ва кенг тарқалгани сабабли такси сифатида қўллаб келинган. Бироқ охирги йилларда шаҳар раҳбарияти унда тижорий мақсадларда одам ташишни тақиқлаган, бироқ Мексиканинг йўллари тор баъзи шаҳарларида уларда ҳамон сайёҳлар ташилади.

Мавзуга оид