Бугун, 10 июль кунидан Тошкентнинг бир нечта бозорлари яқинидаги йўллар бўйлаб тўхташ ва тўхтаб туриш қоидалари бузилишини қайд этувчи автоматлаштирилган фото- ва видеокамералар иш бошлади. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Абу-Сахий», «Бек Тўпи», «Чилонзор буюм бозори» (Ипподром), «Ўрикзор» бозорлари йўлларида 3.27 белгисини менсимаганларни қайд этишга мўлжалланган 4та стационар автоматлаштирилган камералар ўрнатилган.

Бу камералар 360 даражага ўгирила олади. 

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Автомобиль мумкин бўлмаган жойда тўхтагач, видеокамера автоматик тарзда (инсон аралашувисиз) вақтни ва «қоидабузар» автомобилнинг давлат рақамини қайд этади. Маълумотлар онлайн тарзда базага йўналтирилади, у ерда эса AutoCon-SC/M дастурий таъминот жарима солиш бўйича Қарорни шакллантириб уни «Ўзбекистон почтаси» АЖга қоидабузарга жўнатиш учун йўллайди. Хатда жаримани 60 кунлик муддат ичида тўлаш зарурлиги, ушбу муддат тугагач тизим хатга бириктирилган квитанцияни автоматик тарзда тўсиб қўйиб, жарима тўланмаганлиги тўғрисидаги маълумотни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қошидаги Мажбурий ижро бюросига (МИБ) жўнатиши маълум қилинади. МИБ, ўз навбатида, транспорт воситаси эгасининг номига расмийлаштирилган мулкка тақиқ қўяди. Ушбу санкциялар қоидабузар-автомобиль эгасига олди-сотди келишувларини олиб боришга йўл қўймайди. ЙҲҚни бузганлик учун жаримани ўз вақтида тўламаслик ҳам қўшимча моддий харажатларга олиб келади. 

Бундан ташқари, камера қоидабузарликни қайд этиб уни Марказга йўллаганидан кейин, тўлов муддати давомида сизга нисбатан бир қатор чекловлар ўрнатилади. Хусусан, сизда машинани ИИББ ЙҲХБ туманлараро бўлинмаларида техник кўрикдан ўтказиш ёки бошқа фуқаронинг номига расмийлаштириш имкони бўлмайди. Ушбу чеклов бўлажак харидорни «қарздор» машина сотиб олиб қўйишда ҳимоя қилади.

Маълумот учун, 3.27 белгиси остида автомобилни тўхтатиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6-моддасига мувофиқ ЭКИҲнинг 3 бараваригача (608 190 сўм) жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.