«Биз меҳнат қилаётган Шароф Рашидов тумани «Қулписар» ФХХУдаги ДМ1 каналида 10 кундан бери сув йўқ. Бунинг натижасида пахта майдонларига сув келмаяпти. Энг яхши пахта майдонлари бизнинг ҳудудда, бунинг учун йил давомида тинмай меҳнат қилдик. Айни дамда гуркираб турган пахта майдонларимиз қовжираш арафасида. Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. «Бўлади», «эртага», «индин» деган жавобдан ортиқ ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Бизга шу муаммони бартараф этилишида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз…» Kun.uz таҳририятга Жиззах вилоятидан келиб тушган навбатдаги мурожаатнинг қисқача мазмуни ана шундай эди.

Вазиятни ўрганиш мақсадида Шароф Рашидов тумани «Қулписар» ФХХУда бўлганимизда, кун ботиш арафасида эди. Шундай бўлса-да, воқеа жойида ҳудуднинг раиси Шуҳрат Қўшбоқов ва туман ирригация бўлими ходимларини учратдик. Ҳолат бўйича саволларимизга «Қулписар» ФХХУ раиси Шуҳрат Қўшбоқов шундай жавоб берди:

— Кўрганингиздек, сув батамом қуригани йўқ, бугун сал камайди. Аслида, далалардаги пахта майдонлари деярли сув ичиб бўлди. Фақат шу энг чекка ҳудудларимизда озгина муаммо бор. Сув сатҳи камайгани боис етказиш қийин бўлаяпти. Истасангиз, сизга пахта майдонларини кўрсатишимиз мумкин. Мана, туман ирригация бўлими ходимлари ҳам шу ерда, ҳозиргина «Ховос-Зомин» ирригация тизими бошқармаси мутахассислари билан ҳам гаплашдик, эрталабгача сув тўлиқ етказилиб берамиз дейишди.

 

Биз ҳудуддаги ДМ1 канали бўйида бўлганимизда ҳақиқатан ҳам сувнинг сатҳи жудаям камайганлиги бу эса белгиланган пахта майдонларига қандай етиб бораётганлиги билан ҳам қизиқдик. Ўзини шу соҳада «қирқ йиллик» тажрибага эканлигини айтган ҳудуд мироби Зиёд Тўраев «барча пахта майдонлари тўлиқ суғорилганини мана шу охирги нуқта ҳисобланмиш ДМ 1 каналидан суғорилаётган фермер хўжаликларининг энг чекка ҳудудларигача насослар орқали сув етказиб берилаётганлигини, бу борада муаммо йўқлиги»ни қайта ва қайта таъкидлади.

Ҳар ишнинг ўз «устаси» бўлади. «Қирқ йиллик» тажрибага эга мироб бобонинг сўзларига ишондик. Сувчиликда «қирқ йиллик» тажрибага эга Зиёд Тўраевнинг ёлғон сўзлашда ҳам «қилни қирқ ёриши» хаёлимизга келмаган эди. Бундай дейишимизга асос бор. Сувсизликдан қовжираётган пахта майдонларини деб йил сўнгида миллион-миллион сўм зарар билан чиқишини олдиндан ҳисоблаб ҳаловати йўқолган фермерлар дардини эшитсангиз сиз ҳам бунга амин бўласиз.