Хоразм вилояти, Урганч шаҳрида фаолият юритувчи «Turon House» хусусий корхонаси томонидан олиб борилаётган қурилиш ишлари ноқонуний деб тўхтатилган. Хоразм вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг 2019 йил 7 мартдаги 15-сон кўрсатмаси бунга асос бўлган.


Шовот каналининг ҳимоя зонаси 50 метрдан оралиқ масофа сақланиши белгилангани, бироқ бу масалада Шовот ДУК билан келишилмагани айтилган. Шунингдек, шаҳарсозлик фаолиятидаги қонунчиликка асосланиб Урганч шаҳри ҳокими қарори чиқарилмасдан Урганч шаҳри архитектори рухсатномаси орқали берилгани ҳамда ортиқча эгаллаб олинган ер майдонлари қурилиш тўхташига асос бўлиши назарда тутилган.

Шундан сўнг, тадбиркор инспекциянинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — бизнес-омбудсманга мурожаат қилган. Тегишли ўрганишлардан сўнг, бизнес-омбудсман тарафидан Қурилиш вазирлигига тақдимнома жўнатилади.
Унда қуйидагилар келтирилган:


Ушбу тақдимномада инспекция томонидан берилган кўрсатма «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуннинг 23 ва 25-моддаларига зид ҳаракат содир этилгани айтилган. Ҳужжатга кўра, кўрсатмада келтирилган хусусий корхонага тегишли ҳудуд 800 кв. метрни ташкил этади ва ўзлаштирилган ортиқча ер сифатида кўрсатилган ҳудуд ҳам корхонага тегишли бўлиб, аслида корхонанинг умумий майдони 924 кв. метрни ташкил қилади.
Шунингдек, бизнес-омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги ПФ-5495 сонли «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони нормалари эслатиб ўтилган. Яъни, давлат органи ёки мансабдор шахснинг маъмурий ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи инсофли инвестор ёки тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатларига дахл қилса, суд тартибида кўриб чиқилиши белгиланади.


















