Журналист Комилжон Шамсиддинов Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг илк раиси, истеъфодаги генерал-майор Ўрайимжон Абдуғаниев билан суҳбат уюштирди. Суҳбат матни ЎзА томонидан эълон қилинди. Қуйида матн тўлиқ ҳолда келтирилади.

- Ўрайимжон ака! Сиз мустақил Ўзбекистоннинг божхона тизимига асос солган одамлардан бири, Давлат божхона қўмитасининг илк раҳбарисиз. Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги жараёнлар осон кечмагани аниқ. Бугун ўша йиллар хотираларини ёдга олганингизда нималар эсга келади?

- Мустақиллик эълон қилинганига эндигина 26 кун бўлган эди. Ўша кезларда бизда бор-йўғи иккита, яъни Термиздаги ва Тошкент аэропортидаги божхона пости ишларди. 1991 йил 26 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқди. Унга асосан Ички ишлар вазирлиги тизимида – товар-моддий бойликлар олиб чиқиб кетилиши устидан назорат қилиш Давлат инспекцияси тузилди. Бошқарма мақомидаги у инспекциянинг бошлиғи этиб мен тайинландим. Инспекцияга 107 та штат берилди. Мана – Ўзбекистон Республикасининг харитаси. Унинг ҳудуди: ғарбдан шарққача – 1425 км, шимолдан жанубгача эса – 930 км. Ҳудудининг умумий майдони 440,4 минг квадрат километр. Менга Ички ишлар вазирлигидан битта хона ажратишган. Келиб ўтирганим ҳамоно қўлимга Ўзбекистоннинг харитасини олдим. Очиғи, унга қараб ўтирибман-у, кўнглимда қўрқув. Боиси – ана шу улкан ҳудуднинг ҳамма ёғидан олиб чиқилаётган товарларни назорат қилиш осон эмас. Хўш, нима қилиш керак? Қарорда “асоссиз ва ноқонуний олиб чиқилишини назорат қилиш керак”, дейилган, холос. Бошқа конкрет бир кўрсатма йўқ. 106 та штат – вакант, фақат бошлиқ ўрнида ўзимман....

У пайтда Ўзбекистонда чегара қўшинлари йўқ эди. Ваҳоланки, мамлакат ҳудудининг учдан бир қисми – чўл, хиёбон ва тоғли жойлар, уларниям бекитиш керак, мамлакатнинг беш томонида бешта мустақил давлат турган бўлса... Хуллас, ўша кезларда Республика бўйлаб 100 дан ортиқ постлар ташкил қилдик. Ундан ташқари ҳар бир вилоятда 2-3 тадан, автомашинада ҳаракатланадиган кўчма постлар очганмиз. Чунки стационар постлар ҳамма нарсани ҳал қилолмасди. Кўчма постлар айланиб юриб, чегараларни назорат қилиб турган. Натижа, менимча ёмон бўлмади. Тўғри, ҳамма масала ҳал бўлди, деб айтолмайман. Лекин Ўзбекистон мустақиллиги мустаҳкамланди, дейишим мумкин.

1991 йил 25 октябрда эса алоҳида божхона қўмитаси ташкил қилинган. Унинг вакиллари асосан шаҳар марказларида жойлашиб, ташқи иқтисодий масалалар, экспорт-импорт операциялари билан шуғулланишди. Лекин 99 фоиз ҳудудда бунақа операциялар амалга ошгани йўқ, уларнинг назорати билан эса – давлат инспекцияси шуғулланар эди.