Эксперт Мурат Сарсенов ўзининг Facebook саҳифасида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси фаолияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Мана, барчамиз ҳурмат қиладиган Uzbekistan Airways ҳақидаги узун постим тайёр бўлди. Қатъий ва режали босими учун Азиза Умаровага раҳмат: энди биз мулоқотга эга бўлдик.
Аввало қисқагина кириш сўзи. Фуқаро авиациясида уч турдаги самолётдан кенг миқёсда фойдаланилади (бизнес авиацияни ҳисобга олмаймиз):
- узоқ магистрал лайнерлари - 8-17 минг км масофага учадиган самолётлар. Уларнинг алоҳида хусусияти – салонида иккита йўлаги бўлган кенг фюзеляж;
- ўрта магистрал лайнерлари - 4-8 минг км масофага парвоз қиладиган самолётлар. Бундай самолётларда бир қаторда олтитадан ўриндиқ бўлади (3+3);
- ҳудудий лайнерлар – 2-3 минг км масофага учадиган кичик самолётлар. Уларнинг сиғими кичик бўлади, одатда 100 нафардан камроқ йўловчи сиғади.
Энди мавзуга ўтамиз. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» (ЎҲЙ) – монополиячи компания, буни ҳамма билади. Аммо янада қўрқинчлиси, у тўлалигича давлатга тегишли улкан тижорат тузилмаси. Нима учун? Чунки бизнес давлатнинг имиж лойиҳаси сифатида эмас, балки бизнес сифатида ишлаши лозим.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси (ЎҲЙ МАК) ойликка ишлайдиган амалдорлар томонидан бошқарилади. Бундай бошқарувчиларнинг қандай ғами бор? Булар иккита:
1) «Манзара» жозибали бўлиши учун нима қилиш керак?
2) Ўзи учун қандай қилиб пул ишлаш мумкин? Амалдорга бу саволларга жавоб топишга ёрдам бермайдиган бошқа ҳеч нарсанинг қизиғи йўқ. Айтиш мумкинки, амалдорларимиз ҳар икки масалани моҳирлик билан ҳал қилишнинг уддасидан чиқишган.
Чиройли манзара ҳосил қилиш учун бизнинг тизимимизда норентабел бўлган, кўпинча ўта қиммат самолётлар сотиб олинган; йўловчиларга бортга тонналаб юк олишга рухсат берилган (ва берилмоқда); йўловчиларнинг қорнини яхшилаб тўйдирган (ва тўйдирмоқда); борт кузатувчилари доимо хушбичим; рўйхатдан ўтказишда сизни хизматчиларнинг бутун бошли армияси кутиб олади; самолётларимиз норентабел, аммо жуда номдор йўналишлар бўйича парвоз қилган (ва парвоз қилмоқда) ва ҳ.к. Умуман олганда, барчаси беш юлдузли авиакомпания атрибутлари, лекин мос тушмайдиган.














