Жамият | 14:00 / 16.07.2019
18400
3 дақиқада ўқилади

«Томлари бузиб ташланган уйларда яшаяпмиз». Термизда уйлари бузилаётганлар ўзларини алдамасликни сўрамоқда

Таҳририятимизга Термиз туманидаги «Мангузар» маҳалласи аҳлидан шикоят келиб тушди.

Маълум бўлишича, ушбу маҳалла ўртасини кечиб ўтган катта йўл четида жойлашган ҳовлилар бузилиб, йўллар кенгайтирилмоқда. Режага кўра, ҳудуд кейинчалик Термиз шаҳрига қўшилади ва бузилаётган ҳовлилар ўрнида кам таъминланганлар учун кўп қаватли уйлар барпо этилади.

Бироқ маҳалла аҳли ваъда қилинган компенсация пули тўлиқ берилмаётганидан норози. Уларга Термиз туманидаги «Катта қум» массивидан турар жой учун ер ажратилган. Аҳолининг деярли барчасига нархлатилган уйининг тенг ярим суммаси компенсация сифатида берилган.

Бироқ мангузарликларнинг айтишича, бу пул уларни қониқтирмаяпти. Улар компенсация пулини тўлиқ қўлга киритишмоқчи. Ҳокимлик вакиллари эса уй тўлиқ бузилганидан сўнг пулнинг қолган қисми берилишини айтишган (Kun.uz мазкур маҳаллада бўлиб қайтгач, яна 30 миллион сўмдан компенсация тарқатилгани маълум бўлди).

«Уйимиз 220 миллион сўмга нархланган, шундан 92 миллион сўм берилган. Қолган пулни кейин берамиз деб алдашяпти. Ерни ҳам одамзод яшамайдиган жойдан беришган. Агар пулни тўлиқ беришса шароит бор жойдан ер олиб уй қурардик. Лекин ҳозир борадиган жойимиз йўқ», дейди мурожаатчилардан бири.

«Нега алдашяпти бизни? Алдашмасин. Олаверсин, фақат президент фармонига амал қилишсин», дея қўшимча қилади мурожаатчи.

Фуқаролар уйлари тўлиқ бузилса, ҳокимлик пулнинг қолган қисмини бермасдан сарсон қилишидан таҳликада. Улар омбудсманга, бош прокуратурага ва бошқа идораларга мурожаат қилиб, ўзларини қийнаётган масаласига ечим топмаяпти.

Одамларнинг уйини бузиш бошланган. Улар томлари бузиб ташланган уйларда истиқомат қилишда давом этишмоқда. Ҳокимлик эса ишларни тезлаштириш учун уйларга ўтказилган газ ва сувни узиб ташлаган. Электр таъминотида ҳам узилишлар кузатилмоқда. Юқорида таъкидланганидек, бу чора мутасаддилар томонидан фуқароларнинг ўз уйларни тезроқ тарк этишлари учун қўлланмоқда.

Биз термизлик масъулларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил №97-сонли қарор талабларини тўлиқ бажаришга, давлат эҳтиёжлари учун бузилаётган уйлар ва олинаётган ер участкалари учун компенсация тўлиқ ҳажмда тўланишини таъминлашни мангузарликлар номидан сўраб қоламиз.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид