Ургут туманининг «Бешёғоч» маҳалласидаги ўнлаб ҳовузлар беш мингдан зиёд аҳоли яшайдиган қишлоқ аҳли учун асосий ичимлик суви манбаи бўлиб турибди.

Зарафшон дарёси суви Дарғом каналидан насос орқали тортиб олиниб вақти-вақти билан маҳалладаги ҳовузларга етказиб турилади. Аҳолининг лойқа дарё сувини истеъмол қилиши бизни бир ўйга солса, одамларнинг ана шу лойқа сувнинг ҳам мунтазам етиб келмаётганидан азият чекаётганидан минг ўйга тушасиз. Кўпинча, ҳовуздаги лойқа сув ҳам эскириб, қуртлаб кетаркан. Бундан ҳам ёмони, муаммо кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас. Аҳоли йиллар давомида ичимлик сув муаммосидан азият чекиб келмоқда.

Маҳалла аҳли бугунгача, туман ҳокимлиги, прокуратураси, халқ қабулхонаси, «Сувоқова» давлат унитар корхонаси каби қатор идораларга мурожаат қилган. Ичимлик сув муаммоси ҳал этилмагач, дарё сувининг мунтазам келиб туришига ёрдам сўраб вилоят сув хўжалиги бошқармаси, «Зарафшон» ирригация тармоқлари ҳавза бошқармаси, насос станциялари бошқармаларидан ҳам сўраб кўрган. Афсуски, истеъмол учун мутлақо яроқсиз сувни ҳам доимий тарзда етказиб бериш ҳал этилмай қолаверган.

— 36 йилдан бери шу қишлоқда яшайман, хонадонлар ҳам, болалар боғчаси тарбияланувчилари ҳам, мактаб ўқувчилари ҳам барчамиз ҳовуздан сув ичамиз. — дейди бешёғочлик Мавлуда Ёқубова. — Очиқ ҳовузлар, ҳар хил нарса бор унда. Сув камайиб кетгач, ҳовуздаги сув ҳам қуртлаб кетади. Яқинда қишлоқда сув иншооти ишга тушиб ҳаммамиз хурсанд бўлиб қолгандик. Кўпга бормай, у ҳам ишдан чиқди.

Аҳоли айтган, сув иншоотини бориб кўрганимизда ростданам сув чиқмас экан. Кейин билсак, бу иншоот ишлаган вақтда ҳам у орқали кунига фақатгина 15 дақиқа сув бериларкан. Бу вақт ичида саноқли одамларгина идишларини тўлдириб олиш имкони бўлгани учун сув келиш вақти чинакам тортишув майдонига айланади.

— Айниқса, сўнгги ўн йилда ичимлик сувидан қаттиқ қийналдик. Чунки Дарғом каналидан қишлоғимизга сув тортиб берадиган насос ҳар доим ҳам ишлайвермайди. Қолаверса, сув қувури бошқа қишлоқлар оралаб келади. Ўша қишлоқлар аҳли эса қувурларни тешиб ташлашган, — дейди яна бир яшовчилардан бири.

Хонадонларда бўлганимизда аҳоли сув сақлайдиган идишларни кўрсатаркан, улар тубида тўпланган қум ва бошқа чўкиндиларга гувоҳ бўлдик. Аёллар сув таркибида қум кўп бўлгани учун кир ювиб болаларига бирор марта мутлақо тоза кийим тайёрлаб беролмаслигини маълум қилди. Ҳаттоки кийим ювишга яроқсиз бу сувни улар йиллар давомида ичиб (!) келишмоқда.