Kun.uz таҳририятига Навоий вилояти, Конимех туманидан бир гуруҳ тадбиркорлар мурожаат йўллади.
Тадбиркорлар туман марказидаги бозор, унинг атрофидаги дўконлари Навоий вилояти ва Конимех тумани ҳокимлари буйруқлари билан бузилаётгани, ҳуқуқлари очиқчасига паймол қилинаётгани, компенсация пули берилмаётганидан шикоят қилишган.

Ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида Конимех туманида бўлдик ва тадбикорларнинг эътирозларини тингладик.
«Бузилиш ишлари тўсатдан бошланди. Ҳеч кимни огоҳлантиришмади ҳам. Қайта қуриш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилар экан. Барчамизда мулк ҳуқуқини тасдиқлайдиган ва кадастр ҳужжатлари бор. Биз туман маркази янада обод бўлишига қарши эмасмиз. Аммо бизга етказилган зарар-чи? Вилоят ҳокими ҳам, туман ҳокими ҳам «бир тийин ҳам тўланмайди сенларга, ер берамиз, бошқатдан қуриб оласизлар», дейишмоқда. Бизга етказилган зарар қопланса, қуриб олиш муаммо эмас. Лекин раҳбарлар бизнинг ҳуқуқимизни очиқчасига поймол қилмоқда. «Хоҳласанг шу, хоҳламасанг катта кўча», қабилида иш юритишмоқда. Огоҳлантирмай махсус техникалар билан дўконларимизни, бизга тегишли бўлган мулкларни бузиб ташлашмоқда. Адолат борми ёки ҳокимларга ҳамма нарса мумкинми?», – дейди тадбиркор.
Ҳудудни кўздан кечирдик. Ҳақиқатан ҳам туман марказидаги бозор ва унинг атрофидаги дўконлар бузилмоқда. Айрим тадбиркорларнинг таъкидлашича, туман ҳокимияти вакиллари кўрсатмаси билан бир йил аввал тадбиркорлар миллионлаб пул сарфлаб, дўконларини замонавий кўринишда таъмирлаган. Аммо энди уларнинг дўконлари ҳам бузилмоқда. Етказилган зарарни қоплаш ҳақида раҳбарлар тинглашни ҳам исташмаяпти.




Тадбиркорлардан бузилиш ҳақида огоҳлантириш бўлган-бўлмаганини сўрадик. Уларнинг таъкидлашича, ҳеч ким бузилишлар ҳақида огоҳлантирилмаган экан. Тадбиркорлардан бири дўконини бузишга келишганида тегишли қарорни сўраганини айтди. Унинг қўлига ўша кунги сана билан тўлдирилган, муҳрсиз огоҳлантириш хатини тутқазишган. Аммо бошқа тадбиркорларга тегишли қарор ҳам, огоҳлантириш хати ҳам берилмаган.









