Тошкент вилоятида рўй берган ЙТҲ натижасида иккита автоулов ёниб кетди
2019 йил 16 июль куни соат 22:00 лар атрофида Тошкент вилояти Оҳангарон туманида даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Тошкент вилояти ИИББ Матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, бунинг оқибатида бир киши ҳаётдан кўз юмган.
“Олмалиқ-Тошкент” автомобиль йўлининг 9-километридаги “Шодмалик” МФЙ ҳудудида, 1956 йилда туғилган ҳайдовчи Ё.А бошқарувида бўлган “MAN” русумли юк машинаси 1987 йилда туғилган И.Д. бошқарувида бўлган “Спарк” русумли автоулов билан тўқнашув содир этган. Юк машинаси Тошкент шаҳри томондан Олмалиқ шаҳри томонга қатнов қисмининг иккинчи бўлагида ҳаракатланган бўлган ва айни йўналишнинг биринчи қатнов бўлагида ҳаракатланаётган енгил машинага урилган.
Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида келиб чиққан ёнғин оқибатида иккала автомашина ёниб кетган ва “Спарк” русумли автомобиль ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этган. Унинг йўловчиси олган тан жарохати туфайли шифохонага ётқизилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов олди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.