Қаерга қараманг, бунёдкорлик ишлари бошланган. Шу билан бирга, бузиш ишлари ҳам авж олган. Мураккаб ва кўп босқичли жараёндан айрим вилоят ва туманлар ҳокимлари бир зумда сакраб ўтаётган бўлса, яна бошқаларига осон бўлмаяпти. Ахир, инсон ва мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бузилишлар марказида турибди.
13 июль куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Паркент 2 кўчасида яшовчи аҳоли вакиллари билан айни шу масалани ҳал қилиш учун учрашди. Аввалдан айтаман, учрашув ҳеч кимнинг манфаатига хизмат қилмади, томонлар бироз муддатдан сўнг охирги қарорга келиши белгилаб олинди.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
Таъкидланишича, «Али Акбар строй сервис» МЧЖ Паркент 2 кўчасидаги аҳоли яшаш жойида бузиш ишларини якунлаб, барча хонадон эгаларини рози қилган ҳолда уларни бошқа уй-жой ёки шунга тенг қийматдаги маблағ билан таъминласа, қурилиш компаниясига шаҳарнинг бошқа ҳудудидан бўш майдон ажратиб берилиши келишилган.
Қурилиш компанияси ишончли вакили Санжар Исроиловнинг сўзларига кўра, 64та хонадондан тенг ярми шу пайтгача рози қилинди ва бошқа жойга кўчирилди.
Тошкент шаҳар ҳокими масалага қандай қўшилди? Гап шундаки, аҳоли бузиш ишларини давом эттиришга тўсқинлик қилиб, кўп нарсадан норози бўлмоқда. Аввало, компенсация пул камлиги, бундан ташқари уй-жой майдони аниқ ўлчанмаётгани важ қилиб келтирилмоқда.

Демак, ишларни давом эттиришга иккита омил тўсиқ бўлмоқда: ўзбошимча қурилиш учун мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги ҳоким қарори бекор қилинди, табиийки, аҳолининг уй-жойи майдони кадастр ҳужжатлари бўйича бирмунча қисқарди. Айни пайтда аҳоли ҳокимият қарори юзасидан судлашмоқда.
Бошқа масала эса уй-жой учун ҳаддан ташқари юқори миқдорда товон пули талаб этилаётганидадир. Шунга қарамай, уй уники, ўз истаги бўйича сотишга ҳақли эканини таъкидламоқчи бўламиз-ку, аммо баҳолаш фирмалари хизматидан фойдаланиб, қурувчи компания товон пули қийматини туширмоқчи.





















