Ўзбекистон | 14:40 / 17.07.2019
5390
3 дақиқада ўқилади

Хитой ва Марказий Осиё шаҳарларида замонавий карвонсаройлар қуриш таклиф қилинди

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида Хитойнинг BES Cultural Tourism Group компанияси вакиллари билан туризм соҳаси инвестицион салоҳиятига бағишланган учрашув бўлиб ўтди

Қўмита раиси в.б.Абдулазиз Аққулов бошчилигида кечган учрашувда Хитой компанияси бош директори туристик соҳанинг устувор йўналишларига сармоя киритишга қизиқиш билдирди. Хусусан, хитойликлар «Буюк Ипак йўли туристик коридори бўйлаб карвонсаройлар» қуриш лойиҳасига инвестиция киритиш таклифи билан чиқишди. 

Ушбу меъморий-қурилиш лойиҳаси Хитой ва Марказий Осиё шаҳарларида туристик нуқталар (жами 30 та) қурилишини ҳамда ҳамкорликда инвестиция фонди яратилишини кўзда тутади. 

Учрашув давомида Хитой вакилларига Ўзбекистоннинг туристик соҳада олиб борилаётган ишлари, яратилаётган имтиёзлар, субсидия ва преференциялар, хориж фуқаролари учун виза режими, мамлакатга ташриф буюраётган сайёҳлар статистикаси бўйича маълумотлар тақдим этилди. 

BES Cultural Tourism Group компанияси вакиллари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан музокараларни давом эттириш ва Англашув меморандумини имзолаш истагини билдиришди, шунингдек Қўмита ходимларини 10-12 сентябрь кунлари ХХРнинг Циан шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро иқтисодий форумга таклиф қилишди. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари, ўз ўрнида, хитойликларни 29-30 августда Жиззах шаҳрида ўтказиладиган Халқаро инвестиция форумига таклиф қилишди. 

Шунингдек, BES Cultural Tourism Group компанияси бош директори бошчилигидаги делегация Самарқанд вилояти ҳокимлиги вакиллари билан ҳам учрашишди. Унда меҳмонлар сайёҳлар учун барча қулайликларга эга замонавий карвонсаройлар қуришга доир ташаббусни илгари суришди. Самарқанддаги замонавий карвонсаройларда ресторанлар, меҳмонхоналар, савдо ва сувенир дўконлари ҳамда ахборот киосклари жойлашган бўлади. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Хитой томон Самарқандга 100 миллион доллар сармоя киритишга тайёр эканини билдирди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Бундан ташқари, томонлар таълим соҳасида ҳамкорлик истиқболларини ҳам муҳокама қилишди. 

Маълумот учун: BES Cultural Tourism Group компаниясига 2003 йилда асос солинган. Компания туризм соҳасига ихтисослашган ва Хитойнинг қишлоқ жойларда туризмни тарғиб қилиш, маданий меросни сақлаш, спорт туризмини ривожлантириш каби лойиҳаларда иштирок этади. 

Мавзуга оид