Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота ва Чиноз туманларида бўш турган ер майдонларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжат билан Тошкент вилояти Тошкент ва Зангиота туманларида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган, бўш турган ер майдонларида саноатни ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланади.
Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг қуйидаги таклифларига розилик берилиши мумкин:
Тошкент вилояти Тошкент туманидаги қишлоқ хўжалиги ерларини саноат мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиш;
Тошкент вилояти Тошкент туманида бўш турган, фойдаланилмаётган ер майдонларида кичик саноат зоналарини ташкил қилиш;
Тошкент вилояти Тошкент Зангиота ва Чиноз тумани ҳокимлиги захирасидаги ер участкалари ҳамда манзилли дастурни амалга ошириш учун ажратиладиган ер участкалари истисно тариқасида аукционсиз, туман ҳокимлари ҳокимларининг қарори билан, ер участкаларини электрон аукцион орқали сотиш учун белгиланган бошланғич қиймат миқдорини икки йил давомида ҳар чоракда мутаносиб равишда бўлиб тўланиши шарти асосида лойиҳа ташаббускорларига бириктириб бериш;
тушган маблағлар “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини молиялаштириш учун тўлиқ йўналтириш.
Тошкент вилояти ҳокимлиги:
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари ва лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда манзилли рўйхатга киритилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш, замонавий технологик асбоб-ускуналар билан бутлаш ва лойиҳаларни фойдаланишга топширишнинг аниқ муддатлари кўрсатилган тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиб тасдиқлайди;
тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда манзилли рўйхатга киритилган инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини, мўлжалланган ишлаб чиқариш ҳажмларига эришилишини, маблағларни самарали ва тўлиқ ўзлаштирилишини ҳамда янги иш ўринлари ташкил этилишини таъминлайди;
инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда муаммоли масалаларни кўриб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва зарур амалий чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда, лойиҳалар бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб боради.















