Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари ректорлари ва Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ўзбекистон халқига мурожаат қилишди. Ушбу мурожаатга кўра, Олий таълим соҳаси вакиллари пора олмасликка қасамёд қилишган.

«Бундан бир аср муқаддам она юртимиз Туркистон ўлкаси тақдири зиёлиларимизнинг ҳаёт-мамот масаласига айланган пайтда буюк маърифатпарвар олим Абдурауф Фитрат “Ҳар бир мамлакатнинг толеси ва тараққиёти ёшларга қандай таълим ва тарбия берилишига ҳар томонлама боғлиқдир”, деган эзгу шиорни ўртага ташлаган эди.

Ўтган оғир ва машаққатли йиллар буюк келажакни ҳар томонлама етук ва юксак малакага эга мутахассис кадрлар тайёрламасдан қуриш мумкин эмаслигини тасдиқлади.

Шу боис, мамлакатимизда соғлом ва ҳар қандай иллатлардан холи бўлган таълим-тарбия муҳитини шакллантириш бугун ҳар биримизнинг муҳим ва устувор вазифамиз бўлмоғи лозим.

Бу йўлда  тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, таълим тизими софлиги ва шаффофлигини таъминлаш, айниқса, унинг обрўсига путур етказаётган коррупцияни бартараф этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифамиз ҳисобланади.

Маълумки, Шарқда ўқитувчи, устоз ҳамиша донишмандлик, ахлоқий поклик, ҳалоллик рамзи бўлиб келган. Таассуфки, айрим тамагир, таълимга тасодифан кириб қолган, ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўядиган кимсалар туфайли таълим муассасалари халқ назарида маълум даражада обрўсизланди.

Илмни ҳар доим ҳамма нарсадан устун қўйиб келган, нопок ишлардан ҳазар қилган, маънавияти ва маданияти юксак бўлган ўзбек халқи учун коррупция мутлақо ярашмайдиган иллатдир.

Айниқса, эндигина ҳаёт йўлларида қадам ташлаётган, беғубор қалби, мусаффо кўзлари-ла ўз келажагига ишонч билан боқиб турган ёш йигит-қизларни коррупция домига тортиш бу – энг мудҳиш жиноят саналади.

Шу боис, Ўзбекистонда тараққиётимизнинг янги босқичида бу иллатга қарши курашнинг энг самарали усулларини мужассам этган комплекс ёндашувга Давлатимиз раҳбари томонидан асос солинганини алоҳида эътироф этиш зарур.

Айниқса, 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўзининг туб моҳияти билан айнан коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишга қаратилган тарихий ҳужжат бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида таълим соҳасини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш ғоят долзарб вазифа этиб белгиланди.