Яқинда Хоразм вилояти, Урганч тумани, Ашхобод маҳалласида яшовчи бир нечта фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда ёзилишича, улар яшаб турган ҳудудда давлат ва жамоат эҳтиёжи учун мақсадли қурилиш ишлари бошланиши режалаштирилган. Шу сабаб ҳозирда бузиш ишлари бошлаб юборилган. Лекин аҳолини кўчириш, уларга мулк бериш, зарарларини қоплаш ва бошқа масалалар бўйича қонунларга тўлиқ амал қилинмаяпти.

Мурожаатни Урганч шаҳридан ташқаридаги аҳоли кўчиб борган жойларни ўрганишдан бошладик. Бу ер Урганч туманига қарашли Чандирқиёт қишлоғи деб номланаркан.

Аввал қурилган намунали уйлар яқинида яқинда кўчиб келган Ашхобод маҳалласида яшаган кўплаб хонадон вакилларини учратдик. Баъзилари ҳокимият томонидан берилган компенсация пулига қурилиш ишларини бошлаб юборган. Усталар жавлон уриб ишламоқда.

Айрим фуқаролар эски уйи қолдиқлари бўлган ёғочлардан чайлага ўхшаш вақтинчалик шийпонлар қуриб олишган. Шийпоннинг биринчи хонасида овқат тайёрлашса, иккинчисида овқатланишади, телевизор кўришади. Бошқа биридан эса ётоқхона сифатида фойдаланишади. Ўзбекистон келажаклари бўлмиш болалар таҳсил оладиган шаҳар мактабларига шу ердан қатнашмоқда. Ҳатто аҳоли ўзи билан маиший техникаларигача олиб келган. Айниши мумкин бўлган маҳсулотларни музлатгичда сақлайди-да. Ўша ердаги электр устунларидан сим тортиб токдан эҳтиёжлари учун фойдаланишмоқда. Ҳа, бу ерда ростдан ҳам инсонлар яшамоқда.

Вазиятни янада чуқурроқ ўрганиш учун ўша ерда яшаётган фуқароларнинг бир нечтаси билан суҳбатлашдик. Улардан бири Ашхобод маҳалласи 584-уйда яшаган аёл бўлиб, бундан 20 кун аввал кўчиб келган. Бу ерда фарзандлари билан яшайди. Турмуш ўртоғи Россияга ишлагани кетган.

Унинг айтишича, уларнинг бузилган уйи баҳоловчи ташкилот томонидан 230 миллион сўмга баҳоланган. Шундан 10 фоизи (тахминан 24 миллион сўми) кўчириш, қурилиш материаллари ва бошқа хизматларга ушлаб қолинган. Маҳаллада бузиш ишлари 1,5 ой аввал бошланган бўлса-да, ҳалигача уларга пул маблағи берилмаган. Аёл кунда молия бўлими ва бошқа ташкилотларга қатнаб сарсон бўлмоқда. Аёлнинг айтишича, шаҳар ҳокими Шухрат Абдуллаевдан ёрдам сўраб қабулига борса, одатда уни тингламайди.