Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Республикада ўрмонлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ўрмон фонди ерларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида 50 йилгача бўлган муддатга беришга рухсат берилган.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
а) Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан лойиҳа асосида:
ўрмон фондининг ўзлаштирилмаган ерларида янгидан ҳимоя ўрмонлари барпо этиш, бир йилгача бўлган муддатда парваришлаш ва инфраструктура объектларини қуриш;
барпо этилган ўрмонлар остидаги ўрмон фонди ерларини ижарага олиш ҳуқуқини нархни ошириб бориш шаклида ўтказиладиган ким ошди савдолари асосида сотиш, бунда бошланғич тўлов миқдорини Жамғармадан қилинган харажатлар суммасидан кам бўлмаган миқдорда белгилаш;
ўрмонзорларни ижарага олиш ҳуқуқини сотиш билан боғлиқ бошқа харажатларни қоплаш;
б) ўрмон фонди ерларини инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида ижарага бериш;
в) ўрмон фонди ерларни ижарага беришдан келиб тушадиган маблағларни тўлиқлигича Жамғарма даромадига ўтказиш.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
Ўрмон фонди ерларини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом;
Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача бўлган муддатда ўрмон хўжалигини ривожлантириш концепцияси лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Юридик ва жисмоний шахсларга қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга ва реконструкция қилишга (ўрмондан ўрмон-овчилик, овчилик ва (ёки) балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжлари учун, лимонарий ва иссиқхоналар илмий-тадқиқот, маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ҳамда эстетик мақсадларда, шунингдек экологик туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш билан боғлиқ) рухсат беришда давлат ўрмон хўжалиги билан тузилган шартномалар ўрмондан фойдаланувчи ёки ижарага олувчининг ер участкасига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатга тенглаштирилади.

















