Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролар йиғинининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

Фуқаролар йиғинининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси тўғрисида низом;

Фуқаролар йиғинининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси аъзоларини хизмат кийими билан таъминлаш тартиби тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича, фуқаролар йиғинининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси аъзоларининг хизмат кийимларини тайёрлаш ва етказиб бериш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан тенг миқдорда молиялаштирилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши фуқаролар йиғинининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмасига ёшларни жалб этишнинг таъсирчан чораларини кўрадилар.

Фуқаролар йиғинининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси тўғрисидаги низомга кўра, жамоатчилик тузилмаси шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек шаҳар, шаҳарча, қишлоқ, овуллардаги маҳалла фуқаролар йиғинида тинчлик, осойишталик, хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларда огоҳлик ва фаолликни ошириш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ички ишлар ҳамда бошқа давлат органларига кўмаклашиш мақсадида барча фуқаролар йиғинларида ташкил этилади.

Жамоатчилик тузилмаси фаолияти ихтиёрийлик, ошкоралик, ижтимоий адолат, инсонпарварлик, қонунийлик, жамоатчилик йўли билан ўзаро ёрдам кўрсатиш тамойиллари асосида ташкил этилади.

Жамоатчилик тузилмаси аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.

Профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари Жамоатчилик тузилмаси фаолиятига умумий раҳбарликни ўзаро ҳамкорликда амалга оширадилар.