Марказий банк Бошқарувининг 2019 йил 20 июлдаги қарори билан қайта молиялаш ставкаси йиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.

Марказий банк Бошқарувининг мазкур қарори иқтисодиётда инфляцион хатарларнинг сақланиб қолаётганлиги ҳамда кредитлар учун ресурслар манбаларини шакллантиришда давлат маблағларидан анъанавий бозор инструментларига ўтиш зарурияти юзага келган шароитида банклардаги узоқ муддатли жамғармалар ва улар улушининг ошиши суръатларини мустаҳкамлаш вазифаларидан келиб чиқиб қабул қилинди.

Жорий йилнинг I ярим йиллигида аввал эълон қилинган иккита пресс-релизларда назарда тутилган айрим инфляцион хатарларнинг юзага кела бошлаганлигини инобатга олиб, инфляция прогнози 13,5-15,5 фоиз оралиғида ўзгаришсиз қолдирилди.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар. Жорий йилнинг I ярим йиллигида истеъмол нархлари ошиши 5,6 фоизни ташкил этиб, 2018 йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 0,6 фоиз бандга паст бўлди.

Инфляция асосан озиқ-овқат товарлари ва хизматларнинг бозор нархлари ошиши таъсирида шаклланган бўлса, маъмурий тартибга солинадиган хизматлар тарифлари ва ноозиқ-овқат товарлари нархларининг юқори даражада ошмаганлиги инфляциянинг кескин ўсишининг олдини олди. Шу билан бирга, энергия ресурслари тарифлари оширилишининг олдин эълон қилинган муддатга нисбатан кейинга қолдирилиши ҳам мазкур даврда инфляция даражасининг кутилгандан паст даражада шаклланишига хизмат қилди.

Йиллик ҳисобда инфляция даражаси 13,6 фоизни ташкил этиб, базавий прогноз коридорининг қуйи чегарасига яқин даражада сақланиб қолди. Бунда, йиллик инфляция даражаси охирги 5 ой давомида 13,5-13,7 фоиз оралиғида сақланиб қолди.

Иқтисодиётда ишлаб чиқариш ҳажмларига нисбатан кредитлар ажратиш ва давлат харажатларининг юқорироқ суръатларда ўсиши ҳисобига ички нархларга ялпи талаб томонидан босимнинг ортиши, аҳоли даромадлари кўпайиши ҳамда ишлаб чиқариш харажатларининг ошиши маълум даражада инфляция даражасини пасайтириш вазифасини қийинлаштирмоқда.

Озиқ-овқат инфляцияси мева ва сабзавот маҳсулотлари нархлари ўзгаришини ҳисобга олмаганда апрель ойида ўзининг энг юқори даражасига етди. Бунга нархларнинг солиқ тизимидаги ўзгаришлар ҳамда ишлаб чиқариш харажатларининг ошишига мослашиши сабаб бўлди. Ушбу омиллар таъсирининг секин-аста камайиши жорий йилнинг май-июнь ойларида мазкур маҳсулотлар нархлари динамикасининг пасайишида ўз аксини топди.

Айрим турдаги мева ва сабзавотлар нархларининг ўтган даврда паст бўлганлиги ҳисобига 2019 йилнинг II чорагида улар нархларининг ўсиш суръати тезлашиб, йиллик инфляцияга оширувчи таъсир кўрсатди. Таққослаш учун, 2018 йил II чорагида мева ва сабзавот маҳсулотлари нархлари 18,7 фоизга пасайган бўлса, жорий йилнинг II чорагида 8,1 фоизга камайди.