Инсоният тарихида унутилмас саналар кўп. Ана шундай саналардан бири 1969 йилнинг 20 июли бўлиб, худди шу куни “Аполлон-11” кемаси экипажи командири Нил Армстронг ва учувчи Эдвин Базз Олдрин кема модулини Ойдаги Хотиржамлик денгизининг жануби-ғарбига қўндиришди. Улар Ой сатҳида 21 ярим соатдан ортиқ бўлишди. Астронавтлар Ой юзасига ҳам чиқишди ва 2 соат 31 дақиқа бўлишди. Ойга қадам қўйган илк инсон Нил Армстронг бўлди. Ўн беш дақиқадан сўнг Олдрин ҳам унга қўшилди. Астронавтлар ўзлари тушган жойда АҚШ байроғини ўрнатишди ва Ой тупроғидан 21,5 килограмм намуна олишди.
Қуйида ушбу воқеа билан боғлиқ қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз.
Ойга биринчи қадамни ким қўйиши керак эди?


«Аполлон-11» Ойга қўниши аниқ бўлгач, журналистлар ва айрим НАСА ходимлари Ойга биринчи бўлиб қадам қўйган инсон Эдвин Олдрин бўлишини тахмин қила бошлашди. Гап шундаки, очиқ фазода фаолият олиб бориш бўйича машғулотларда ҳар доим командир эмас, учувчи ташқарига чиқарди. Хюстондаги космик парвозлар мутахассислари ҳам дастлабки чизмаларда ой модулидан биринчи бўлиб учувчи чиқишини баён қилишганди. Аммо тор кабинада скафандр ва ҳаётни таъминловчи тизимда бўлган учувчи ташқарига чиқиш учун командирнинг устидан ўтишига тўғри келиши ҳисобга олинмаганди, зеро асосий люк чап томонда бўлиб ичкарига очилар, командир эса чап томонда ўтирарди. Ушбу манёврни қўллаб кўришга уринишганида ой модули макети кабинасида кичик шикастланишлар юз берди. Шундан сўнг Ой сатҳига учувчи эмас, кема командири – Армстронг биринчи бўлиб қадам қўйишига қарор қилинди.
СССР ҳудудида Ойга инсон қадам қўйишини бевосита трансляция қилиш тақиқланганмиди?
Собиқ СССР мамлакатларида Ойга инсон қадам қўйиши бутун дунё бўйлаб трансляция қилинган вақтда СССР марказий телевидениеси бу воқеани кўрсатиш ўрнига бадиий фильм намойиш этган деган фикр тарқалган. Аммо бу воқеа юз берган пайтда, Москва вақти билан эрталаб соат 5:56да СССР марказий телевидениеси ҳеч қандай кўрсатув бермаган – 1969 йилда телевидениеда кўрсатувларни узатиш эрталаб соат 8дан бошланган.
Ойдан қайтган экипаж аъзолари божхона қоғозини тўлдиришган





















