Kun.uz таҳририятига Навоий шаҳридан мурожаат йўллаган ҳунарманд Жаҳонгир Иргашев билан учрашиб, эътирозларини тинглаганимизда, у гапни айнан сарлавҳадаги сўзлар билан бошлади.

Хўш, у қандай тўсиқ ва муаммолардан азият чекмоқда?
«Тол новдаларидан буюм ясаш билан шуғулланаман. 25-мактаб интернатида имконияти чекланган тарбияланувчиларга ҳам ўз ҳунаримни ўргатиб келмоқдаман. Аммо хом ашё доим муаммо бўлгани учун ер олиб «Америка толи»ни ўзим етиштиришни мақсад қилдим. Жуда кўп оворагарчиликлар бўлди. Ташаббусимни ҳеч ким қўллаб-қувватламади. Анча сарсон бўлганимдан кейин Кармана туманидаги Навоий давлат ўрмон хўжалигига тегишли ҳудуддан ижара асосида уч гектар ер ажратишди. Зарафшон дарёси қирғоғига яқин ҳудуддан. Шу ерни олишга мажбур бўлдим. Кейин маблағ масаласидан ҳам анча қийналдим. Банкдан маблағ ажратилиши ҳам осон бўлмади. Дарё бўйида «Америка толи»ни экдим. Аммо муаммолар жуда кўп. Навоий давлат ўрмон хўжалиги билан тузган шартномамиз ҳам мукаммал эмас. Пудратчининг манфаатларига кўп томонлама зид. Буларнинг ҳаммаси ҳунарманд учун бюрократик тўсиқлар. Шу туфайли ҳозир фаолиятим ҳам боши берк кўчага кириб қолди. Ҳунармандни вилоятда ҳеч ким қўллаб-қувватламайди», – дейди мурожаатчи.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, Жаҳонгир Иргашев бир неча йилдан буён толдан турли буюмлар ясаш билан шуғулланиб келади. У 2015 йили 25-мактаб интернатда тўгарак очган ва ҳозиргача имконияти чекланган тарбияланувчиларига ҳам ўз ҳунари сир-асрорларини ўргатиб келмоқда.

Аммо хом ашё муаммо бўлгани туфайли «Америка толи»ни ўзи етиштиришга қарор қилади ва ер сўраб турли жойларга мурожаат қилади. 2018 йилда унга Зарафшон дарёси бўйидаги Навоий давлат ўрмон хўжалигига тегишли ҳудуддан ижара асосида 3 гектар ер ажратилади. Шартнома 40/60 шаклида, яъни етиштирилган маҳсулотнинг 40 фоизи ўрмон хўжалигига, қолган 60 фоизи пудратчига шаклида тузилган ва бир йилга тузилиб, ҳар йили янгиланади.

Иргашевнинг таъкидлашича, у шунча бюрократик тўсиқлардан сўнг ер ва маблағга эришганидан кейин ҳам муаммолар давом этмоқда. Мисол учун, ер Зарафшон дарёси бўйида жойлашгани учун сув тошқинлари бўлиб туради ва у етиштираётган маҳсулотларга катта зарар етказади. Бу йил экилган толлар ҳам сув тошқинлари туфайли талафот кўрган.








