Спорт | 17:35 / 23.07.2019
9158
2 дақиқада ўқилади

Фоторепортаж: Олтинкўлда катта кураш сайли

Олтинкўл туманидаги “Оқтепа” маҳалласида ўтказилган кураш сайли спорт ихлосмандлари учун чинакам байрамга айланиб кетди. Асрлар оша етиб келаётган миллий спорт турига бўлган қизиқишни кураш майдонини давра қилиб ўраб ўтирган ёшу-кекса ишқибозларнинг кўплигидан ҳам билиб олиш мумкин.

 Чунки туман ҳокимининг совринини қўлга киритиш учун Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларининг энг моҳир белбоғли кураш усталари “Оқтепа”га тўпланишди. Шунингдек, қўшни Қирғизистон Республикасидан ҳам манаман деган полвонлар ташриф буюришди.

 42-умумтаълим мактаби стадионида ташкил этилган беллашувлар барча мухлисларни ҳаяжон остида ушлаб турди. Анчадан бери бундай катта мусобақага гувоҳ бўлмаган ишқибозлар ҳар бир баҳсни мароқ билан томоша қилишди. Айниқса, оқтепалик Наврўз полвоннинг шижоати уларнинг завқига завқ қўшди. Айнан шу курашчи ўрта вазн тоифасида 1-ўринни эгаллагани туфайли туман ҳокими томонидан қўчқор билан тақдирланди.

 

Шунингдек, бошқа ғолиб ва совриндорларга қимматбаҳо совғалар инъом этилди.

Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид