Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Элбек Шукуров Kun.uzʼга берган интервьюсида пойтахтдаги ижтимоий муносабатлар, хусусан таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги масалалар ҳақида батафсил маълумот берди.

— Тошкент шаҳри алоҳида хусусиятга эга, у нафақат пойтахт, шаҳар-туман сифатида бошқа вилоятлардан фарқли жиҳати бор. Аҳолиси ҳам бошқа ҳудудларга қараганда кўпроқ. Шу жиҳатдан ижтимоий масалаларни кўтариш шаҳар-туман миқёсида қийинчилик туғдирмайдими?

─ Албатта, бунинг ўзига яраша қийинчилиги бор. Тошкентда бошқа вилоятдаги ҳамкасбларимга қараганда қийинроқ, десам ҳам нотўғри бўлади. Чунки ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари бор. Туманларнинг ҳам ўзига яраша хусусиятлари бор. Шу жиҳатларни ҳам фаолият давомида инобатга олиш керак. Мисол учун, Юнусобод, Мирзо Улуғбек туманларида кўп миллатли аҳоли бўлганлиги учун шу ҳудудларда аҳолининг таълимга, ижтимоий масалаларга қараши сал бошқачароқ бўлиши мумкин. Шайхонтоҳур, Учтепа, Олмазор туманларида маҳаллий аҳоли кўпроқ бўлгани учун у ерда муҳит бошқача. 

Бугунги кунда пойтахт аҳолисининг зичлиги, аҳолининг талаби юқорилиги, қонунчилик билан яқиндан танишлиги, аҳоли саводхонлигининг юқорилиги ҳам муҳим рол ўйнайди. Шунинг учун йилдан йилга аҳолининг эҳтиёжни қондириш қийинроқ бўлиши мумкин.

─ Бошқа ҳудудларда ёзги ёки қишки мавсумда асосий примитв муаммолар, газ, энергия, сув муаммоси ёки бошқа хизматларнинг кўрсатилишидан норозилик кузатилади. Сизнинг ҳудудингизда ижтимоий масалаларни амалга оширишда қанақа муаммолар кўпроқ кўзга ташланади?

─ Маълум вақт аввал шу масалалар бизда ҳам бўлган бўлса, ҳозирда аҳолининг талаби сифат масаласида кучайиб бормоқда. Масалан, мактабларнинг ҳаддан ташқари коэффициенти ошиб кетган ҳолатлари мавжуд. Баъзи ҳудудларда 1000 ўринга 2000 ўқувчи ўқиётган ҳолатлар бор. Унинг ёнидаги мактабда эса коэффициент паст, 1000 ўринда 700 нафар ўқувчи ўқиётган бўлиши мумкин. Кўп одамлар томонидан бу мактабда сифат яхшироқ деган нарсаларни эшитамиз. Кундалик маиший муаммолардан кўра кўпроқ аҳоли сифатга диққатини қарата бошлади. Барча таълим йўналишларида хусусий секторнинг кириб бориши уларнинг ўзаро рақобатини ҳам шакллантиряпти, давлат таълим муассасаларида ҳам рақобатчи бўляпти. Қайси мактабда сифатнинг қандайлиги кўриниб қоляпти. Сифат жиҳатдан фарқ бўлиши мумкин, лекин айнан бугунги кунда коэффициент ошиб кетган мактабларда сифат яхши деган стереотип бор. Бу кўплаб йиллар давомида одамларда тарқалган маълумот.