Ўзбекистон | 17:10 / 24.07.2019
15080
2 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган маслаҳат учрашуви қолдирилганига изоҳ берилди

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларнинг иккинчи маслаҳат учрашуви жорий йилнинг Наврўз айёми арафасида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган эди. Аммо учрашув номаълум сабабларга кўра қолдирилганди.

Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 2019 йил январь-июнь ойларида қилинган ишлар бўйича ҳисобот эшитувида сенатор Раҳматилла Назаров бу масалага тўхталди.

«Иккинчи маслаҳат эшитувининг белгиланган санадан кечиктирилишига қўшни мамлакатларда бўлиб ўтган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар сабаб бўлди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси, ижро этувчи аппарат раҳбари Жаҳонгир Худойхўжаевнинг маълумот беришича, давлат раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашуви кечроқ муддатга қолдирилган, учрашувнинг янги саналари ҳақида раҳбарият кўрсатмаси кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 15 март санасида Остона шаҳрида (ҳозирги Нурсултон) Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтган эди. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маслаҳат учрашувларни ҳар йили Наврўз айёми арафасида мунтазам ўтказиш ва минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал этиш фикрини илгари сурган эди. Шунингдек, навбатдаги маслаҳат учрашувини Тошкент шаҳрида ўтказиш таклиф қилинган эди.

Қозоғистонда 2019 йил баҳорида сенатор Раҳматилла Назаров назарда тутган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар бўлиб ўтди. Дастлаб, 19 март куни Қозоғистонга қарийб 30 йил президентлик қилган Нурсултон Назарбоев жонли эфирда мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб, истеъфога чиқишини эълон қилди. Унинг ўрнига Сенат раиси Қосим-Жўмарт Тўқаев президент вазифасини вақтинча бажарувчи бўлди. 9 апрель куни мамлакатда муддатидан олдинги президентлик сайловлари бўлиб ўтиши ҳақида эълон қилинди ва 12 июнь куни ўтказилган сайловларда Тўқаев сайловчиларнинг 70,76 фоиз овозини олган ҳолда мамлакатнинг янги президентига айланди. Унинг ҳокимиятга келиши Қозоғистоннинг асосий шаҳарларидаги норозилик намойишлари билан бирга кечди.

Мавзуга оид