Жамият | 17:42 / 27.07.2019
37608
3 дақиқада ўқилади

Ҳар ҳоким алмашганда шу бўлар такрор: Самарқандда дўконли бекатларга «булдозер» келадиганга ўхшайди

Фото: Zarnews.uz

Самарқанд вилоятида чоп этиладиган «Зарафшон» газетасида ва унинг Zarnews.uz cайтида «Бекатми ёки дўконми бу?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари Р. Олимов мазкур мақолага муносабат билдириб, қуйидагиларни маълум қилган:

«Самарқанд шаҳридаги барча бекатларни хатловдан ўтказиш ва уларда мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича шаҳар ҳокимлигининг ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги томонидан бундан буён тадбиркорларга бекат қуришга рухсат бериш амалиёти тўхтатилиб, янгидан ташкил этиладиган бекатларни шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан ташкил этиш белгилаб олинди.

Ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан шаҳардаги бекатларни хатловдан ўтказиш, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида таҳририятга қўшимча маълумот тақдим этиб борилишини маълум қиламиз», — дейилади муносабатда.

Шуниси эътиборлики, мазкур мақола газета саҳифасида чоп этилган бўлиши мумкин, аммо сайтдан уни қидириб топа олмадик. Яъни, бекатларда дўкон бўлиши қандай салбий оқибатлар келтириб чиқараётгани билан танишишнинг иложи бўлмади.

Ундан-да характерлиси — неча йиллардан бери кузатилмоқдаки, Самарқанд шаҳрида ҳоким алмашиниши ҳамоно бекатларга «ҳужум» бошланади. Гоҳ у чет эллардагидек одмигина, шишали ва ихчам қилиб қурилади, гоҳ каттароқ. Шаҳарда собиқ ҳоким Ф.Раҳимов раҳбарлик қилган чоғда жуда кўп бекатлар тадбиркорлик субъектлари томонидан, уларнинг ўз маблағлари эвазига кичикроқ дўкон билан бирга қурилган эди.

Аввал Самарқанд шаҳар прокурори бўлиб ишлаган Бобурмирзо Облақулов шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлангач, мана, газетада чиққан мақола баҳона шаҳардаги барча бекатларни хатловдан ўтказиш ва уларда мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича шаҳар ҳокимлигининг ишчи гуруҳи ташкил этилибди. Энди яқиндагина барпо этилган дўконли бекатларнинг аксарияти бузиб ташланса — ажабланмаслик керакка ўхшайди. Чунки бузиш учун мингта сабаб топиш мумкин. Ҳаммаси хоҳишга боғлиқ.

Шаҳарда ҳал қилинишини йиллар давомида кутаётган шунча муаммолар мавжуд бўла туриб вилоятнинг бош нашри шу нарсани кўтариб чиққани, ҳокимлик эса дарров «лаббай» деб бекатлар учун ишчи гуруҳи тузилиши бироз ажабланарли, албатта.

Лекин тадбиркорлар томонидан сарфланган маблағлар компенсацияси, дўконидан айрилса улар нима иш билан шуғулланиши ҳам назардан қочирилмаслиги керак. Чунки улар бекатларни асло ўзбошимчалик билан қуришмаган — шаҳар ҳокимлигининг қарорига асосан қуришган. Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг. Шаҳарда эса ҳокимлар бот-бот алмашаверади, бундан фуқаролар жабр кўрмаслиги керак. Чунки улар шу ерда муқим яшашади.

Шуҳрат Шокиржонов

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид