Вашингтон кичкина шаҳар, Тошкентдан ҳам кичкина. Лекин 3500 дан ортиқ автобус бекатлари бор, бу дегани сиз шаҳарнинг хоҳлаган бурчагига автобусда бора оласиз. Америкада автобус чиптаси нархлари шаҳар ва штатига қараб ҳар хил, масалан, пойтахтда 1 та қатнов учун 2,25 доллар олинади.

Бекатларга келсак, автобус линиялари метродан ҳам қулай. Чунки метро станциялари сони 100 га ҳам етмайди. Демак, сиз Вашингтонни метро эмас, автобусда бемалол айланасиз.

Бекатлар алоҳида идентификация рақамига эга. Йўловчи шу рақамни иловага киритса, автобус қачон келишини реал вақт режимида кўриб туради ва шунга қараб режа қилади.

Вашингтондаги автобус бекатларини шартли равишда асосий 4 турга бўлоламиз. Булар ҳеч нимасиз – фақат оддий устунли бекатлар, томи ёпилган ва ўриндиқли бекатлар, метро станцияси ёнидаги йирик автобус терминаллари, йўл ва йўлкалар ўртасида қурилган бекатлар. Бутун пойтахтда энг кўп шу турдагиларини учратасиз. Қизиғи, ҳаммаси оддий, содда, қулай. Совитиш ва иситиш тизимига эга, ичида ҳар хил савдо нуқталари бор бекатлар эса йўқ.

Энг машҳурлари – ҳеч нимасиз, биттагина устунга автобус рақами ёзилган бекатлар ҳамда лед чироқлари бор, усти ёпилган ўриндиқли бекатлар бўлиб қолмоқда.

Фақат устунга эга бекатда одамлар турган ҳолатда автобусни кутади.

Вашингтонда бекатларнинг асосий харажати рекламадан қопланади. Чунки реклама учун мониторлар ўрнатилган ва олинган пулларга бекатлар таъмирланади, янгилари қурилади.

Бугун ҳаттоки 50 йилдан бери хизмат кўрсатаётган бекатларни ҳам учратасиз. Демак, уларни бўлар-бўлмасга қуриб бузишмайди. Аммо шаҳарда “Better bus” лойиҳаси ўтган йилдан ишга тушган. Энди юзлаб бекатлар оптималлаштирилади, янгилари қурилади, баъзилари ёпилади.

Яна бир маълумот, Вашингтонда бекатлар ораси яқин-яқин, ҳатто 150-200 метр, лекин энди уларнинг баъзиларини бирлаштиришмоқчи. Умуман олганда, бекатлар узоқ йиллардан бери ўзгармай келади, замонга мослаштирилиши мумкин, лекин бундай ишлар асосан узоқ келажакка мўлжалланган режалар билан қилинади. Автобуслар ҳамма бекатда тўхтамайди, одам бўлса ёки автобус ичидан кимдир тушишини билдирса тўхтайди.