Ўзбекистон | 12:41 / 30.07.2019
10808
3 дақиқада ўқилади

Фарғонада Корея Халқаро университети ташкил этилади

Фото: Advantour

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Фарғона шаҳрида Корея Республикасининг Халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Жанубий Кореядаги элчихонаси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлигининг Фарғона шаҳрида Корея Республикасининг Халқаро университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар университет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

республиканинг иқтисодиёти ва саноат тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;

мутахассислар ҳамда илмий кадрлар тайёрлаш тизимини таълим ва илм-фаннинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги, шунингдек, жаҳон таълим ва илм ҳамжамиятига мажбурий интеграция ҳисобига ривожлантириш;

кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган янги таълим дастурлари ҳамда ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, педагогик технологияларни ва ўқитиш услубларини фаол такомиллаштириш;

таълим ва илм-фан соҳаларида хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда бизнес-ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

Белгиланишича:

университет алоҳида мулк ва мустақил балансига эга бўлган юридик шахс мақомидаги тижорат ташкилот шаклида ташкил этилиб, тасарруфидаги пул маблағлари ва мулклари бўйича ўзининг мажбуриятлари юзасидан жавобгар ҳисобланади;

университет алоҳида таркибий бўлинмаси ҳамда кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда, таълимнинг келишилган асосий йўналишлари бўйича барча даражадаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширадиган олий таълим муассасаси ҳисобланади;

университетда ўқитиш тўлов-контракт асосида Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини эътиборга олган ҳолда Университет томонидан тасдиқланган ўқув режалар ва дастурлар бўйича корейс тилида кундузги шаклда амалга оширилади;

абитуриентларни қабул қилиш ва университет битирувчиларининг аттестацияси университет томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган университетнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади;

университет фаолияти Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикасининг қонунчилиги асосида амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид