Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрининг Ашхобод кўчасида яшаган ва ерлари давлат эҳтиёжи учун қайтариб олинган аҳолининг деярли барчасига компенсация пуллари 100 фоиз тўланди.
26 июлдан 27 июлга ўтар кечаси Урганч шаҳридан Чондирқиёт қишлоғи ҳудудига кўчириб юборилган ва далада палатка ва чартак (капа) қуриб яшаётган, аммо 1-2 ойдан бери компенсация пулини ололмаётган аҳоли норозилик билдириб, Урганч – Хонқа йўлини тўсиб қўйди. Аҳоли ва ҳокимлик ўртасида юзага келган можаро ҳақида «Хоразмда уйи бузилган одамлар норози бўлишди – вилоят ҳокими 10 августгача муаммоларни ҳал қилишга ваъда берди» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
27 июль куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов Хоразм вилоятига борди, аҳоли билан учрашиб, суҳбатлашди, шу куни одамларга компенсация пуллари тарқатилди.

29 июль куни Чондирқиёт қишлоғи ҳудудида палатка ва чартак (капа) қуриб яшаётган аҳоли янги уй-жойларини қуриш ҳаракатини бошлаб юборишди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан ҳудуд 4та қисмга бўлиниб, уларнинг ҳар бирида мини-штаб – қароргоҳ ташкил қилинди. Унда ҳокимлик мулозимлари, қурувчи ташкилот раҳбарлари аҳолининг мурожаатларини ўрганиш, кундалик муаммоларни шу жойнинг ўзида ҳал қилиш, бундан ташқари, қурилиш ишларини мувофиқлаштириш, назоратга олиш билан шуғулланиши белгиланган.

394та хонадон эгалари қўлида жуда катта миқдордаги пул маблағлари (70 миллиард сўмдан ортиқ) тўплангани боис, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва жамоат тартибини таъминлаш мақсадида, ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан махсус пост ташкил қилинди.

Ҳудудга қурилиш ишларида фойдаланиладиган махсус техникалар, экскаватор, бульдозер ва бошқа транспорт воситалари олиб келинмоқда. Цемент, тош ва ёғоч материаллари билан арзонлаштирилган нархларда савдо қилувчи кичик бозорча ташкил қилиниши мўлжалланмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи бозорча фаолият юритмоқда.



















