Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОICА)нинг грантини жалб қилган ҳолда 2016 йилда ташкил этилган.

Марказ ўтган уч йил давомида жами 1124 нафар битирувчиларни чиқарди, уларнинг 95,3 фоизининг бандлиги таъминланди. Самарқандддаги йирик корхоналар томонидан битирувчилар ишга қабул қилинган, жумладан MAN-Auto Uzbekistan қўшма корхонасига — 69 нафар, Самарқанд Автомобиль заводига — 24 нафар, UzAuto-Trailer корхонасига — 16 нафар, SamFerry корхонасига — 21 нафар битирувчиларнинг ишга жойлашиши Марказнинг саноат корхоналари билан ўзаро ҳамкорликда олиб борилаётган ижобий ишларидан ҳисобланади.

Марказда қуйидаги мутахассисликлар:

  • автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш (автослесарлар, мотористлар, автомобиллар диагностикаси бўйича мутахассислар);
  • пайвандлаш ва чилангарлик ишлари (пайвандчилар, чилангарлар ва металларга ишлов бериш мутахассислари);
  • электротехника ва электроника (электрик, электрон ва маиший техникани, радио ва телеаппаратурани таъмирлаш ва уларга сервис хизмати кўрсатиш мутахассислари);
  • ахборот технологиялари (ҳисоблаш машиналари операторлари, компьютерлар ва бошқа ташкилий техникага хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш);
  • машинасозлик технологияси, машинасозлик ишлаб чиқариш жиҳозлари ва уларни автоматлаштириш (техник-технолог, кенг профилли дастгоҳчи, сонли дастурли бошқариш станоклари автоматик ва ярим автоматик тизимлар оператори);
  • компьютер графикаси ва мультимедия тизимлари техниги (компьютер графикаси дизайнери, мультимедия тизимлари техниги) бўйича касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш амалга оширилади.

Машинасозлик технологияси, компьютер графикаси касблари бўйича ўқитиш КОICАнинг РРР лойиҳаси асосида Кореянинг Keimyung College University билан ҳамкорликда ташкил этиляпти ва ҳозирда биринчи қабул ўтказилмоқда.