Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагиларни ўз ичига олувчи 2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди:
2019-2020 йилларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрини комплекс ривожлантириш ва янги иш ўринларини ташкил этиш чора-тадбирлари дастурини молиялаштириш манбалари;
Саноат йўналишида амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;
Хизматлар соҳаси, сервис инфратузилмаси, туризм ва ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;
Қишлоқ хўжалиги йўналишида амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;
Муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, алоқа тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш ҳамда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари;
Таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа турдаги ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;
Ирригация тизимини яхшилаш чора-тадбирлари.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги:
а) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда:
бир ой муддатда Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш, замонавий технологик асбоб-ускуналар билан бутлаш ва лойиҳаларни фойдаланишга топширишнинг аниқ муддатлари кўрсатилган тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиб тасдиқлайди;
тасдиқланган дастур параметрларининг сўзсиз бажарилишини таъминлайди ва бунда инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини, ишлаб чиқаришнинг мўлжалланган ҳажмлари ўзлаштирилишини ва янги иш ўринлари ташкил этилишини назарда тутади;
б) муаммоли масалаларни мунтазам равишда кўриб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва зарур амалий чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда, лойиҳалар бажарилиши ҳолати юзасидан тизимли мониторинг олиб боради;

















