Куни-кеча аудиоси тарқалган президент видеоселекторида давлатимиз раҳбари томонидан айтилган қуйидаги сўзлар алоҳида эътиборга молик.
«Бировни ишдан олиш бўлса, «адвокат» бўласан, бировни жиноий жавобгарликка тортиш бўлса, ҳамманг «адвокат» бўласан», — деди президент Хоразм вилоят ҳокимига қарата.
Бу ерда адвокат сўзи қўштирноққа олиниши тўғри, чунки Фарҳод Эрманов қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиёт мутахассиси, унинг ўриндошлик асосида адвокатлик қилиш ҳуқуқи йўқ.
Бу ҳолат кўпроқ, икки ой олдин Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг Соғлиқни сақлаш вазири ҳақида айтган гапларини эслатади:
«Анови м***з вазирчанг, и***с, кеча менга кеволиб, кетимга пахта қўйиб, ўзи Андижондан чиққан, бош прокурорга хат киргизибди... отасига раҳмат, бош прокурор (собиқ прокурор Отабек Муродов назарда тутиляпти — муал.) менга «манави вазир билан гаплашиб олинг, бунақа хат қиляпти», деб айтди».
Бу икки ҳолат, бир нарсани, юқорида жуда кўп масалалалар «кўча тили»да ҳал бўлаётганини англатмаяптими? Ишдан олиниши мумкин бўлган, балким жиноят аломатлари билан қўлга тушган одамларга оғзаки «адвокатлик» қилинса, Бош прокурор арзномани кўриб чиқиш ўрнига, «келишиб олиш»ни маслаҳат берса, нималар бўляпти?
«Узр» етарлими?
Кечаги селекторда президентнинг айтган гаплари янги бир даврнинг бошланиши бўлиши керак, зинҳор, бугунги «узрлар челленжи» билан якун топмаслиги шарт. Ахир ростдан ҳам, Шавкат Миромонович айтганидек, ҳокимларнинг жуда кўп ишлари ўзбошимчалик, халқни норози қилиш ва сиёсатга хиёнатдан иборат бўлса, бу тўрт-беш кишининг олдида, камера қаршисида узр сўраб қўйиш билан нуқта қўйиладиган вазият эмас.
Бирор иш учун узр сўраттириш бу ахлоқий жазодир, лекин ҳуқуқий асосга эга бўлган давлатларда бундай хатолар энг камида истеъфо билан, кўпгина ҳолатларда маъмурий ва жиноий жавобгарликлар билан давом эттирилиши лозим бўларди. Акс ҳолда, бундай бошбошдоқликлар яна давом этиши, ҳатто «сенларми ҳали, мени интернетда шарманда қилиб, узр сўраттирган», деб, аҳвол баттарлашмаслигига ҳам кафолат йўқ.
Фикримизча, президентнинг узр сўраш ҳақидаги кўрсатмаси кўпроқ жамоатчилик учун, яъни бу «снослар» мамлакат сиёсати даражасида эмас, маҳаллий қарорлар билан амалга оширилганини бутун дунёга маълум қилиш учунгина берилган. Асосий жавобгарлик шу билан қолиб кетмаслиги шубҳасиз, зеро, мажлис давомида Шавкат Мирзиёев бош вазирга қайси ҳокимни бўшатиш ҳақида таклиф тайёрлаш бўйича ҳам топшириқ берганди.















