215 йиллик тарих. Дунёнинг барча нуқталарида фаолият юритаётган минглаб ҳуқуқшунослар. Ўзига хос тажриба ва халқаро таълим соҳасидаги пешқадамлик. Бу таърифларнинг барчаси Ярослав Мудрий номидаги Харьков миллий Юридик университетига тегишли. Икки асрдан буён самарали фаолият юритиб келаётган ушбу олий таълим муассасасига ўзбекистонлик талабалар ҳеч қандай кириш имтиҳонисиз қабул қилинишларига, етти факультетдан бирини танлаб, халқаро даражадаги ҳуқуқшунос бўлиб чиқишларига ишонасизми? 

Жавоб беришга шошилманг! Тошкентлик Сўғдиёна Мамараимова, Маҳлиё Шамсиева, самарқандлик Шарофиддин Маҳмудов, Равшан Аҳмедов, қашқадарёлик Маҳбуба Камолова, Сухробжон Султонов ҳам аудитория партасидан ўз ўрнини топиб, қизғин ўқиш жараёнига киришиб кетгунга қадар Ярослав Мудрий номидаги Харьков миллий Юридик университетига Имтиҳонсиз кира олишларига ўзлари ҳам ишонмаган бўлсалар керак. Уларнинг ҳаяжони биринчи курсни аъло баҳоларга тугатганларида яна бир бор ортгани аниқ. Мазкур олий таълим муассасасида эса улар каби 100 дан ортиқ ўзбекистонлик талабалар таҳсил олмоқда. Улар 8 йилдан буён Тошкент-Киев ўртасида таълим борасида алоқаларни боғлаб, мингдан ортиқ ўзбекистонлик йигит-қизларнинг Украинада ўқишларини таъминлаётган “Inside-A” таълим маркази орқали талабалик бахтига муяссар бўлганлар.

Жасорат ва биргина қўнғироқ! Юқорида номлари келтирилган йигит-қизларнинг талаба бўлишларига айнан шулар сабаб бўлган. Улар “Inside-A” таълим маркази билан боғландилар, суҳбатдан ўтдилар, барча ҳужжатларни топширгач, эвазига самолёт чиптасини олдилар ва йўлга отландилар.

Ярослав Мудрий номидаги Харьков миллий Юридик университетида 11 мингдан зиёд талабалар таҳсил олмоқда. Унда 7 та умумий факультет, 2 та сиртқи ва 2 та кечки таълим бўлинмалари фаолият юритиб келмоқда. Ўзбекистонликлар асосан Халқаро ҳуқуқ факультетида ўқиб келмоқдалар. Ушбу факультетда нафақат хорижий мамлакатлардаги ҳуқуқ соҳаси, балки инглиз тилини ҳам мукаммал ўрганиш мумкин. 

2018 йилда ушбу факультетда қиёсий ҳуқуқ кафедраси ташкил этилди ва Ўзбекистон Республикаси Қонунларини ўқитиш йўлга қўйилди. Бунинг учун 170 соат дарс белгиланди.

Ярослав Мудрий номидаги Харьков миллий Юридик университети ўқув ишлари бўйича проректори Юрий Барабаш жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташриф буюрди ва Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.