Ўзбекистон | 14:30 / 03.03.2022
67063
2 дақиқада ўқилади

“Харковда аҳвол жуда оғир...” — Украинадаги урушнинг ўзбекистонлик гувоҳи

Ўзбекистон уруш ичида қолган Украинадан ўз фуқароларини эвакуация қилмоқда. Ҳозиргача 1800дан ортиқ ватандош махсус рейсларда олиб келинди. Артиллерия зарбалари остидаги Харков шаҳридан ватанга қайтган талаба Kun.uz'га у ердаги вазият ҳақида сўзлаб берди.

2 март оқшомида Украинадан навбатдаги рейсда ўзбекистонликлар олиб келинди. Бугунгача 1800дан зиёд ўзбекистонлик эвакуация қилинди. Kun.uz навбатдаги рейс вақтида Тошкент халқаро аэропортида бўлди.

Харков шаҳридаги тиббиёт олийгоҳида ўқийдиган талаба қиз шаҳардаги вазиятни эсларкан, кўзига ёш олди.

“Ҳозир Харковда аҳвол жуда оғир. Биз ўша 4-кун чиқиб кетган бўлсак, ҳатто (ракеталар) ётоқхоналаримизнинг олдига келиб тушмоқда. Юра олмаяпмиз, оёқларимиз шунақа қалтираяпти, кўчага чиқолмаяпмиз. Кўчада таксилар йўқ. Биз-ку майли, буёқда ота-оналаримиз ҳар дақиқа ўлиб тириляпти.

Давлатимиз шунча шароит қилди. Асосий қийинчилик Полшагача кириб олишда бўлди. Полшага кирдик, ҳамма нарса биз учун яратиб берилган. Ҳар куни рейслар қўйиляпти, лекин одам жуда кўп. Харковда талабалар ҳали кўп. Уларнинг ўзининг аҳолиси-чи? Ҳамма жойда отишма бўлиб ётибди; (ракеталар) университетларимиз олдига, деканатга тушган…” – дейди у.

Эвакуация қилинадиган ўзбекистонликлар учун Полшада визасиз режим муддати 15 мартгача амал қилади. Киевда элчихонанинг 7 нафар ходими ватандошларни эвакуация қилиш учун ишламоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги фаол ҳарбий ҳаракатлар бораётган Харков, Суми ва Херсон шаҳарларидаги ватандошларга ҳозирча бункерларда қолишни тавсия этган: бу шаҳарлардан фуқароларни Украина ғарбига етказиб келиш мураккаб ва хавфли.

“Полшанинг Катовица аэропортидан мамлакатимизга махсус авиақатновлар орқали олиб келиш жараёнлари узлуксиз давом этмоқда. Ушбу (олтинчи) рейсда 251 нафар фуқаромиз мамлакатимизга олиб келинди. Умуман мана шу авиақатновлар кунига 2тадан ташкил қилинмоқда. Авиақатновларнинг бажарилиш вақти эса Украина ҳудудидан Полшага олиб ўтиш ва уларни тўплаш билан боғлиқ жараёнлар якунлангач аниқланмоқда”, – деди Kun.uz билан суҳбатда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид