Уч ой муқаддам Россиянинг Украинага босқини бошланганди. Владимир Путин қисқа махсус амалиёт сифатида эълон қилган ва Кремль тезда Киевнинг олиши билан якунлашни режалаштирган ҳарбий ҳаракатлар узоқ давом этувчи ва позицион урушга айланиб кетди. BBC рус хизмати ҳарбий ҳаракатлар ва ишғолнинг 90 кунлигидаги асосий воқеаларни эслади.

Мариуполнинг яксон этилиши

Фото: Getty Images

1941 йилда немис қисмлари, 1943 йилда эса советларнинг Жанубий фронти Мариуполни бир неча кун ичида эгаллаб олишганди. Азов денгизи бўйида ястанган ушбу шаҳарни мудофаа қилиш қийин деб ҳисобланарди. Аммо 2022 йилда маълум бўлдики, бу имкони бўлган иш.

Украина ҳарбийлари бир ой давомида рақибни Мариуполдан ташқарида тутиб туришди - Россия ҳарбий бўлинмалари шаҳарга фақат 24 мартга келиб кира бошлашди. Украина ҳарбий денгиз пиёдалари ва «Азов» полки томонидан мудофаа қилинган «Азовстал» эса икки ойдан ошиқ вақт давомида қамалга бардош берди.

Мариуполда «Азовстал» қамали Россия армиясининг катта миқдордаги кучларини банд қилди, бу қисмлар Донбасснинг бошқа ҳудудларидаги ҳарбий ҳаракатларга жалб этилиши ўрнига шаҳар кўчаларидаги оғир жангларда қатнашишга мажбур бўлди.

Ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган маҳалда мариуполликлар ўз яқинларини уйлар ҳовлисига кўмишга мажбур бўлишган

Қамал давомида Россия армияси амалда Мариуполни яксон этди, авиация шаҳарни бомбардимон қилди, бомба ташланган бинолар орасида туғуруқхона ҳамда Мариупол рамзларидан бири бўлган, юзлаб тинч аҳоли вакиллари яширинган драматик театр биноси ҳам бор эди. Москва бундай объектларга ҳужумни ҳар сафар бу бинолар «Азов» полки базасига айлантирилганини айтиш билан оқлашга ҳаракат қилди.

Ўн минглаб шаҳарликларни иш билан таъминлаб келган иккита йирик корхона - «Азовстал» ва Ильич номидаги завод ҳам вайрон қилинди.

«Азовстал» ҳимоячилари фақат май ойи ўрталарига келиб ўз позицияларини топшириш ва таслим бўлишга рози бўлишди. 16 май куни кечқурун Украина Бош штаби «Мариупол гарнизони ўз олдига қўйилган вазифани адо этганини, олий қўмондонлик томонидан «Азовстал»даги бўлинмалар командирларига шахсий таркиб ҳаётини сақлаб қолиш бўйича буйруқ берилгани»ни маълум қилди. Украина раҳбарияти «Азовстал» мудофаасида қатнашган ўз ҳарбийларини россиялик ҳарбий асирларга алмашишни мўлжаллаган.