Amnesty International: Россия Харковни кассетали бомбалар билан ўққа тутган
AI ҳисоботига кўра, Россия армияси Харковдаги аҳоли яшайдиган туманларни кассетали бомбалар ва бошқарилмайдиган ракеталар билан ўққа тутган. Улардан тинч аҳолига қарши фойдаланиш ҳарбий жиноят ҳисобланади.
Харковда Россия армиясининг кассетали бомбалар ва бошқарилмайдиган ракеталардан фойдаланган ҳолда шаҳар турар жойларини ўққа тутиши натижасида юзлаб тинч аҳоли ҳалок бўлган. Бу ҳақда Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 13 июнь, душанба куни эълон қилинган ҳисоботида айтилади.
Ташкилот ходимлари апрель ва май ойларида 14 кун давомида Россиянинг Харковга берган 41 та зарбасини ўрганиб чиқди, бунинг натижасида 62 киши ҳалок бўлган, 196 киши яраланган. Харков ҳарбий-фуқаролик маъмурияти тиббиёт бўлими бошлиғининг сўзларига кўра, уруш пайтида 606 нафар харковлик ҳалок бўлган, 1248 нафари яраланган.
AI Харковда яшовчи 160 нафар киши, жумладан яраланганлар, уларнинг гувоҳлари, қурбонларнинг қариндошлари, яраланганларни даволаётган шифокорлар билан суҳбатлашди, портлаш жойларида далилларни тўплаш ва таҳлил қилиш, турли рақамли маълумотлар ускуналарини ўрганиш билан шуғулланди. Натижада, AI Россия томонидан шаҳарга пала-партиш зарба беришнинг камида 28 та ҳолатини ҳужжатлаштириб олган.
Харковни Россия қўшинлари томонидан бомбардимон қилиш урушнинг биринчи куни, 24 февралда бошланди. Amnesty International тадқиқоти шуни кўрсатадики, Россия армияси аҳоли турар жойларини ўққа тутаётганда бир неча бор 9N210/9N235 кассетали ўқ-дорилари, пиёдаларга қарши парчаланувчи миналардан фойдаланган. «Харковда одамлар кўча ва уйларида, болалар майдончаларида, қабристонларда, гуманитар ёрдам учун навбатда турганида, дўконга кетаётганда ҳалок бўлди», дейди AI’нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича эксперт Жанин Ульманнзик. Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳужумларда айбдорлар жавобгарликка тортилиши, қурбонлар ва жабрланганларнинг яқинлари товон пули олиши керак.
Хусусан, 15 апрель куни Харковнинг Индустриальная туманидаги Мир кўчасида кассетали бомба портлаши оқибатида 9 киши ҳалок бўлди, 35 киши, жумладан, болалар жароҳатланди. Шифокорлар AI ходимларига яраланганларнинг танасидан олинган ва 9N210/9N235 типидаги кассетали ўқлардан фойдаланилганини аниқ кўрсатувчи металл зарраларни кўрсатди, дейилади ҳисоботда. Ўт очилган жойдаги болалар майдончасида ҳам ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу турдаги ўқ-дориларнинг парчаларини топди.
Ўша ҳодиса қурбонларидан бири 41 ёшли Оксана Литвиненко бўлиб, ўша пайтда у 4 ёшли қизи ва эри билан болалар майдончасида бўлган. Бомба парчалари унинг елкаси, кўкраги ва ошқозонига тегиб, ўпкаси ва умуртқа поғонасини қаттиқ шикастлаган. Оксана бир ой реанимацияда ётди. Даволовчи шифокорнинг сўзларига кўра, гапира олиши ва юра олиши бўйича прогнозлар ҳали номаълум. 30 ёшли Вероника Шевченко қизи билан 12 март куни «Град» қурилмасидан ўт очилган вақтда Харковнинг Салтовка туманидаги уйи ёнида жойлашган болалар майдончасида бўлган. Вероника оёғидан айрилди.
Россия Украинага қарши урушда кенг қўллаётган «Град» ва «Ураган» бошқарилмайдиган ракеталари нишонни аниқ олишга қодир эмас. Артиллерия снарядлари кўпинча нишондан 100 метрдан кўпроқ четга чиқади. Уйлар бир-биридан атиги бир неча метр масофада жойлашган турар жойларда бундай ракета ва оддий артиллериядан фойдаланиш муқаррар равишда кўплаб тинч аҳолининг қурбон бўлишига, фуқаролик инфратузилмасининг оммавий вайрон бўлишига олиб келади, дея таъкидлайди Amnesty International.
Кассетали бомбалар ва пиёдаларга қарши миналар бўйича эса Россия улардан фойдаланишни тақиқловчи халқаро шартномаларга қўшилмаган. Шунга қарамай, халқаро гуманитар ҳуқуқ пала-партиш ҳужумларни ҳам, ҳарбийлар билан бирга тинч аҳолини ҳам йўқ қилувчи қуроллардан фойдаланишни тақиқлайди. Тинч аҳолига таҳдид солувчи ва фуқаролик инфратузилмасини вайрон қилувчи пала-партиш ўқ отиш ҳарбий жиноят ҳисобланади, дея таъкидлайди AI.
Мавзуга оид
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024
Россияда саккиз нафар генерал лавозимдан олинди — ОАВ
20:51 / 04.10.2024
Россия «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқариш бўйича ишларни якунламоқда — ФХХ раҳбари
18:42 / 04.10.2024