13:50 / 08.08.2019
22927

Миср лоукостери Ўзбекистон бозорига киришга эришди

Фото: Aeronantes Spotters

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Миср авиакомпанияси – “Nile air” лоукостери вакилини Шарм ал-Шайх – Тошкент – Шарм ал-Шайх йўналиши бўйича парвозларни бажариш учун  зарур бўлган слотни олишга  кўмаклашиш тўғрисидаги мурожаатини кўриб чиқди.

Слот – бу  маълум бир вақт ёки санада самолётнинг учиб келиши ёки учиб кетиши учун аэропортда ажратиладиган вақт.

Мурожаатни ўрганиш мобайнида кўрсатилган йўналиш бўйича  парвозлар билан Мисрнинг ягона авиакомпанияси – “Al Masria” шуғулланиши маълум бўлди.

Шу билан бирга, “Nile air” ҳам Миср томонидан ушбу йўналишдаги белгиланган авиаташувчи бўлса-да, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК томонидан унинг Шарм ал-Шайх – Тошкент – Шарм ал-Шайх йўналиши бўйича ҳавода қатновларни  амалга ошириш учун эркин слотларни бериш тўғрисидаги мурожаатлари ижобий ҳал этилмаган.

Жорий йилнинг 30 июль куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси ташаббуси билан Транспорт вазирлигида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК вакиллари билан ташкил этилган учрашувда, ҳавода ташиш хизматлари бозорида соғлом рақобатни  янада ривожлантириш мақсадида, Шарм ал-Шайх – Тошкент – Шарм ал-Шайх йўналиши бўйича “Nile air” лоукостерига тегишли слотни ажратиш тўғрисидаги масала муҳокама қилинган.

Муҳокамалар якунига кўра, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК “Nile air” лоукостерига  ҳавода ташишларни амалга ошириш учун зарур бўлган слотларни келишиб берди ва парвозлар жорий йилнинг 21 августидан бошлаб амалга оширилиши режалаштирилди, дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати хабарида.

Top