Иқтисодий ривожланишга кўмаклашув маркази раҳбари, иқтисодчи Юлий Юсупов Ўзбекистонда АҚШ доллари курсининг кескин ошиб кетиши сабаблари борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Мени доллар курси кўтарилиши сабабли ижтимоий тармоқларда бошланган ваҳима ҳайрон қолдирмоқда.
- Гўёки янги тарихимизда алмашув курсининг бундан каттароқ сакраши бўлмагандек. Ҳаттоки 2017 йил сентябрдаги девальвация каби мисолни назарда тутаётганим йўқ. Либерализациягача доллар қора бозорда қанчалик кўтарилганини ёдимиздан чиқариб қўйдик шекилли.
- Гўёки 2017 йил сентябргача биржа курси 10 минг сўмлик “психологик кўрсаткич”дан ошмагандек. Бизга импорт маҳсулотлар нархини худди шу курсда ҳисоблашмаганди. Энди эса 10 минг сўмлик кўрсаткич худди охирзамондек туюлмоқда. Зеро бу кўрсаткични бир неча йил аввал қайд этганмиз.
- Гўёки бозор алмашув курси бошқа давлатларда, айниқса собиқ СССРдаги қўшниларимизда кўтарилмаётгандек. Уларда ошмоқда, бизда нима учун ошмаслиги керак?
Миллий валюта алмашув курси нега тушиб кетмоқда?
Асосий сабаб – ортиқча пул массаси эмиссияси. Валюта бозорида ҳам бошқа бозорлардаги сингари талаб ва таклиф қонуни амал қилади: агарда иккита маҳсулот бир-бири билан алмаштирилаётганида бир маҳсулот иккинчисига нисбатан кўпроқ таклиф қилинса, у ҳолда биринчисининг нархи иккинчисига нисбатан тушади. Агарда сўмнинг ортиқча массаси эмиссияси тезлиги бошқа валюталар эмиссиясиникига нисбатан ошиб кетса, у ҳолда сўмнинг бошқа валюталарга нисбатан қиймати пасаяди.
Ортиқча пул эмиссияси нима? Иқтисодий ўсиш суръатидан ортиқ бўлган пул эмиссиясининг (чиқарилиши) ўсиши. Оддий сўз билан айтганда, маҳсулот массасига нисбатан пул массасининг ўсиши. Агарда ортиқча пул эмиссияси бўлса, миллий валюта мамлакат ичида ҳам (бу ички нархларнинг ўсишида кўринади, яъни инфляцияда), мамлакат ташқарисида ҳам (миллий валюта алмашув курси тушиб кетишида намоён бўлади) қадрсизланади. Шу орқали инфляция даражаси бўйича валюта бозорига чиқадиган ортиқча пул массасини мувозанатга солиб туриши керак бўлган алмашув курсининг тахминий ўзгаришларига баҳо бериш мумкин.
Нима учун фақат “тахминий ўзгаришлар” ҳақида гапириш мумкин. Чунки алмашув курсига ортиқча пул массасидан ташқари, бошқа омиллар: импортга бўлган талабнинг ўзгариши, меҳнат мигрантларидан келадиган валюта, кредит ва хорижий инвестициялар ҳамда савдо шерикларимизнинг валюта курсларидаги ўзгаришлар ҳам таъсир кўрсатади. Шу боис инфляция даражаси – бу алмашув курсининг ҳозирги ва келажакдаги ўзгаришларининг тахминий мўлжали ҳисобланади.















