Kun.uz сайти орқали эълон қилинган “Маҳбус бўйни, умуртқа ва қовурғаси синиши сабаб вафот этган». Бош прокуратура тиббиётни соҳа профессорларидан яхшироқ биладими?” номли мақолага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси раддия эълон қилди.

Қуйида раддия матни ҳавола қилинади:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан «KUN.UZ» нашрида 2019 йил 9 август куни эълон қилинган «Маҳбус бўйни, умуртқа ва қовурғаси синиши сабаб вафот этган». Бош прокуратура тиббиётни соҳа профессорларидан яхшироқ биладими?» номли мақоласи кўриб чиқилди.

Энг аввало таъкидлаш жоизки, «KUN.UZ» нашри мухбири ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида холисликка амал қилмаcдан, фақат бир томоннинг фикрини ёритган. Лекин ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ушбу масала бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилмаган.

Ҳолатдан келиб чиқиб, Бош прокуратура мазкур жиноят ишига оид қуйидаги энг муҳим жиҳатларини маълум қилади:

Жиноят иши ҳақида умумий маълумот

Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган маҳкум С.Ш.га нотўғри ташхис қўйилганлиги туфайли 30.06.2016 йилда вафот этганлиги ҳолати юзасидан жазони ижро этиш муассасаси тиббиёт бўлими бошлиғи М.Э. суднинг ҳукми билан айбдор деб топилиб, тегишли жазо тайинланган.

Кейинчалик марҳумнинг яқинлари берган шикоятга биноан, Бош прокуратуранинг протестига асосан суд қарорлари бекор қилиниб, жиноят иши янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун дастлаб Навоий, сўнгра Тошкент шаҳар судига ўтказилган.

Суд томонидан 22.01.2019 йилда ўтказилган комиссион экспертиза хулосаси натижасига кўра, Тошкент шаҳар судининг ажрими билан жиноят иши тегишли тартибида иш бўйича бошқа айбдор шахслар доирасига аниқлик киритиш мақсадида прокурорга қайтарилган.

Жиноят иши мураккаб ва ўта долзарблиги сабабли ҳамда холисликни таъминлаш мақсадида, жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини ўтказиш Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармасига юклатилган.