13 август куни Хоразм вилоятининг кўҳна ва навқирон Хива шаҳрида анъанавий «Қовун сайли» фестивали бошланди.

Унда вилоятнинг барча туманларидан келган миришкор деҳқонлар, полизкор фермерлар, томорқа ер эгалари, агросаноат соҳаси корхоналари, давлат ва жамоат ташкилотлари иштирок этиб, «Гурвак – Хоразм қовунчилигининг рамзи» кўргазмаси доирасида ўз маҳсулотларини намойиш қилишди.

Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, туманлар ҳокимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди.

Фестивалдан мақсад – ҳудудга сайёҳлар оқимини ошириш, воҳанинг қадимий полизчилик тажрибасини, ширин-шакар қовун-тарвузлар ва боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб тур ва навларини кенг оммалаштиришдир.

Сайилда қовунларнинг «Гурвак», «Қиличбой бешак», «Қари қиз», «Туя қовун», «Тўёна», «Ола замча», «Хоразм оқ новвоти», «Кўк гулоби», «Бўрикалла» каби бир-биридан ширин ўнлаб маҳаллий навлари намойиш қилинди. Бундан ташқари, турли мева-сабзавотлар, полиз экинлари, қандолат ва асаларичилик, ҳунармандчилик, чорвачилик ва балиқчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.