Ўзбекистон | 12:28 / 17.08.2019
20819
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош токсикологи ва бош гематологи Самара областига учиб кетди

Иллюстратив фото

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси маълумотига кўра, 2019 йил 17 август куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош токсикологи Рустам Акалаев ва бош гематологи Ҳамида Казакбаева «Кошелевский посад» корхонасида ишлаган ва июль ойида «номаълум моддадан заҳарланиш» ташхиси билан касалхонага ётқизилиб, ҳозирдан даволанишни давом эттираётган 48 нафар Ўзбекистон фуқароларига ёрдам кўрсатиш учун Самара областига учиб кетди.

ТИВ хабарига кўра, 4 нафар оғир аҳволда бўлган жабрланувчи (Оғабек Ортиқов, Исломбой Қўчқоров, Фарҳод Ҳайитов, Омонбой Рўзимов) 16 август куни даволанишни давом эттиришлари учун Россия ФВВнинг махсус самолётида Москва шаҳридаги Гематология Миллий тиббий тадқиқотлар марказига олиб келинди. Россия пойтахтида уларни мамлакат элчихонаси ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ваколатхонасининг ходимлари кутиб олишди.

44 нафар Ўзбекистон фуқаролари эса ҳамон В.Д.Середавин номидаги Самара области клиник шифохонасида ва 1-сон Тольятти шаҳар клиник шифохонасида бўлиб турибди.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россиянинг Волгабўйи федерал округи (Бошқирдистон Республикаси, Киров области, Марий Эл Республикаси, Мордовия Республикаси, Нижегород области, Оренбург области, Пенза области, Перм ўлкаси, Самара области, Саратов области, Татаристон Республикаси, Удмуртия Республикаси, Улянов области, Чувашия Республикаси) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда мамлакатнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган: +7-967-772-66-00.

Мавзуга оид