Жаҳон | 07:33 / 19.08.2019
11907
3 дақиқада ўқилади

Трамп иштирокидаги намойишга ишчилар таҳдидлар остида боришга мажбурланди – ОАВ

Фото: EPA

АҚШ президенти Дональд Трампнинг Пенсильвания штатидаги Shell компанияси нефть-кимё комбинати ишчилари билан учрашувига одамлар таҳдидлар остида боришга мажбурланди. Бу ҳақда штатнинг иккинчи рақамли энг йирик шаҳри Питтсбургнинг Pittsburgh Post-Gazette нашри хабар берди. 

Трамп билан учрашув олдидан комбинат ишчиларига шарт қўйилган: улар намойишга бормасликлари мумкин бўлган, бироқ бундай ҳолатда уларнинг учрашувда йўқликлари пул тўланмайдиган таътил сифатида қабул қилиниб, улар қўшимча ҳақлардан маҳрум қилинардилар.
 
Касаба уюшмалари етакчиларидан бирининг айтишича, ишчилар учрашувга бормасалар барча устама ва сафар пуллари ҳисобга олинганда 700 долларга яқин пул йўқотишлари мумкин эди.

Шунингдек, ишчилар учун йўриқномада “норозилик деб баҳоланадиган ҳайқириқлар, чиқишлар ёки бошқа ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмаслиги” айтилган. 
 
Трампнинг ўзи эса учрашувдан мамнун қолган.
 
“Пенсильвания штатида энергетика тармоғининг ажойиб ишчилари, қурувчилар ва мутахассислар иштирокидаги ажойиб кун. Улар туфайли Америка тўхтовсиз ишламоқда ва Америка улар билан фахрланади! Дунёда ҳеч ким сизлардан яхшироқ ишламайди!”, деб ёзган Трамп намойишдан кейин.


 
Оқ уй матбуот хизмати томонидан эълон қилинган лавҳаларда учрашув ўтган зал лиқ тўлиқ бўлгани, ишчилар Трамп нутқи вақтида қарсакбозлик қилаётганларини кўриш мумкин бўлган.

Бироқ учрашувдан репортаж олиб борган NBC телекомпанияси мухбири Шэннон Петиписнинг твиттерда ёзишича, кўплаб ишчилар учрашувда ишчи кунлари давом этадиган вақтдан кўпроқ вақт қолиб кетганларидан жаҳллари чиққан.

Мавзуга оид