Жаҳон | 14:18 / 20.08.2019
115942
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йорк полициясида ишловчи ўзбекистонлик қиз майда ўғриликда гумонланмоқда. Унинг ўзи буни рад этди

Садоқат Мақсудова

Нью-Йорк полициясининг ўзбекистонлик ходими Садоқат Мақсудова дўконда ўғрилик қилганликда айбланмоқда.

New York Post хабарига кўра, 24 ёшли полициячи 15 август куни «Staten Island Mall» савдо марказидаги универмагдан тўртта қимматбаҳо кийим-кечак буюмларини олиб, пулини тўламасдан чиқиб кетаётганида қўлга тушган.

«Тўловни амалга оширмай дўкондан чиқиб кетишга уринганида назоратчи уни тўхтатган. Унинг сумкасидан 300 доллардан кўпроқ қийматга эга кийим-кечак буюмлари топилган», – дейилади хабарда.

NDaily News`нинг полициядаги манбаси бу ерда гап тахминан 330 долларлик буюмлар ҳақида бораётганини айтган.

BBC`нинг шаҳар полициясига асосланиб ёзишича, гумонланувчига нисбатан майда ўғрилик айблови илгари сурилган ва у вақтинча ишидан четлатилган.

Мақсудованинг ўзи ўғрилик устида ушлангани ҳақидаги хабарни «ёлғон» деб атади.

«Мен бунга изоҳ беролмайман. Бу – Нью-Йорк полиция департаменти ичидаги нарса. Биз буни ҳали «судит қиламиз». Лекин мен ишдан ҳайдалганим йўқ, ишлаяпман», – деди у.

Шаҳарнинг Статен-Айленд тумани ҳаётини ёритиб борувчи SiLive нашрига кўра, мазкур масала 16 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Ричмонд округи судида кўриб чиқилади.

Маълумот учун, асли бухоролик бўлган Садоқат Мақсудова оиласи билан Нью-Йоркка 2009 йилда кўчиб келган. У бир ярим йиллик кадетлик курсини ўтаб, 2018 йил ёзида Нью-Йорк полиция академиясига кирган ва олти ойлик курсни битириб, полиция хизматига ишга қабул қилинган.

Мавзуга оид