Kun.uz таҳририятига Сурхондарё вилояти Узун туманидан бир гуруҳ тадбиркорлар мурожаат қилишди. Уларнинг айтишича, туман марказидаги собиқ эски деҳқон бозори бузилгач, у ерда фаолият кўрсатган 80дан зиёд тадбиркор муаммоларга дуч келишган.
Айни пайтда собиқ бозор ўрни текисланиб, бу жойда ресторан ва ёзги павильон қурилмоқда.

Туман мутасаддиларининг тушунтиришларича, эски бозор бузилишига сабаб — у Обизаранг дарёси муҳофаза зонасида бўлганидир. Янги ресторан ва павильон дарёнинг муҳофаза зонасидан ташқарида барпо этилмоқда.

Бузилган бозорда савдо қилган тадбиркорларга микрофон тутганимизда, уларнинг собиқ деҳқон бозори (халқ тилида — «Чуқур бозор») ҳудудида жойлашган дўконлари эвазига яхши жойдан жой берилмаган. Ёки кўрилган зарарлар эвазига компенсация тўланмаган. Улар ўз вақтида дўконларни катта пулларга харид қилишга ва оилавий ишбилармонликни йўлга қўйишган бўлган. Айни пайтда ишсиз қолиб кетаётган оилалар ҳам бор.

Дўконларидан айрилган айрим тадбиркорлар айнан бузиб ташланган «Чуқур бозор» ўрнидан уларга дўкон қуриш учун жой ажратиб берилишини талаб қилишмоқда. Лекин бунинг иложи йўқ. Чунки бу ерда Обизаранг дарёсининг муҳофаза ҳудудига риоя қилинган ҳолда, мавжуд бош режага асосан тадбиркор Алижон Аминов умумий овқатланиш корхонаси барпо этмоқда. Эски бозор ҳудудида унинг ҳам дўконлари бўлган.

Ушбуларни ўқиб, «Узунда бинойидек бозорни кўчириб, савдогар тадбиркорлар кўчада қолгандир», деб ўйларсиз. Лекин ундай эмас. Узунда бир йил муқаддам янгидан деҳқон бозори ва унинг ёнида буюм бозори барпо этилган.

Фақат, бир ойда битказилган буюм бозорининг очилиш маросими бўлгач, эртаси куниёқ ёпилиш маросими ҳам бўлиб ўтган. Тадбиркорларга қулоқ тутганимизда, уларнинг айтишича, янги буюм бозорида тартиб билан замонавий дўконларни тадбиркорлар ўз маблағлари эвазига барпо этишган. Лекин мазкур бозор ноқулай жойда жойлашгани сабабли бу ерга харидорлар келишмаяпти.
















