Kun.uz сайтида жорий йилнинг 2 август куни «Бизга инвесторлар керакми ё йўқ: Ҳиндистонлик инвесторни Сурхондарёда қийнаётган муаммолар ҳақида» сарлавҳали материал эълон қилинди.

Унда «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалигининг мутасадди ходимлари томонидан ўз хизмат вазифаларини етарли даражада олиб бормагани натижасида, хорижлик инвесторга қонуний асосларда ижарага берилган ҳудудларда маҳаллий аҳоли ва бошқа шахслар томонидан етиштирилган коврак ҳосилини йиғиб олишда турли хил тўсқинликлар юзага келаётгани ҳақида маълумотлар қайд этилган эди.

Кейинроқ, Сурхондарё вилояти Узун туман ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси мазкур материалга нисбатан ўз муносабатини билдиришди. Ушбу муносабат жорий йилнинг 20 август куни Kun.uz сайти орқали «Ҳақиқий инвестор ким? – Боботоғдаги коврак можароси бошқача тус олмоқда» сарлавҳаси билан эълон қилинди (эътирозлар сабабли бу мақола ҳозирча сайтдан олиб ташланди).

Куни кеча таҳририятга Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитасининг мазкур муносабатига нисбатан «FERULA SHIFOBAXSH» масъулияти чекланган жамияти раҳбари ва Жамият таъсисчиларининг раддияси келиб тушди. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34-моддаси талабига мувофиқ ушбу раддияни эълон қилишга қарор қилдик. Қуйида раддия матни ҳавола қилинади.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси ва Россиянинг «ТК Комета» компанияси ўртасида 2018 йил 6 мартда имзоланган меморандумга кўра Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бориш учун «FERULA SHIFOBAXSH» МЧЖ ташкил этилган.

«FERULA SHIFOBAXSH» МЧЖ Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг аъзоси ҳисобланади.

Kun.uz сайти орқали 02.08.2019 йилда «Бизга инвесторлар керакми ё йўқ: Ҳиндистонлик инвесторни Сурхондарёда қийнаётган муаммолар ҳақида» сарлавҳали мақола нашр этилган эди.

Мазкур мақолада «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалигининг мутасадди ходимлари ўз хизмат вазифаларини етарли даражада олиб бормагани натижасида, жамиятга қонуний асосларда ижарага берилган ҳудудларда маҳаллий аҳоли ва бошқа шахслар томонидан етиштирилган коврак ҳосилини йиғиб олишда турли тўсқинликлар юзага келаётгани хақида маълумотлар қайд этилган эди.