Ўзбекистон | 08:39 / 24.08.2019
23075
2 дақиқада ўқилади

«Қозоғистонда – 700та, бизда эса саноқли». Содиқ Сафоев хорижий инвестиция оқимини ошириш бўйича таклиф берди

Фото: KUN.UZ

2019 йил охиригача ҳар бир вилоятда камида биттадан консалтинг компаниялар фаолияти йўлга қўйилиши мумкин. Хорижий инвестициялар оқимини ошириш мақсадида ташкил этиладиган бу компаниялар инвесторлар учун турли хизматларни таклиф этади.

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Сенат ялпи мажлисида консалтинг компаниялар мавзусини кўтариб, «керак бўлса четдан мутахассисларни пулга олиб келиб бўлса-да» уларни ташкил қилиш зарурлигини таъкидлади, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Битта мисол. Қўшни Қозоғистон 700та консалтинг компания хориждан келаётган инвесторларга уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш, уларга солиқ ҳақида ахборот бериш, логистика масалаларини ечиш учун хизмат кўрсатяпти ва бунинг учун пул оляпти.

Бизда саноқли консалтинг компаниялар бор. Аниқроғи, 35та дейишяпти, лекин билмайман уларнинг ҳаммаси консалтингми-бошқами. Барчаси – Тошкентда. Вилоятларда замонавий консалтинг компаниялари йўқ.

Бир нарсани тушунишимиз керак. Президентимиз вилоят раҳбарларини чет элларга юборяптилар. Кўриб биляпсизларки, хорижий инвесторлар давлат органлари билан бевосита алоқага унча мойиллик кўрсатмайди. Улар ўзига мос келган хусусий компаниялар билан ҳамма масаласини ечиш тарафдори.

Улар ёмон кўради вазирликка боришни, ҳокимиятлар эшигининг олдида сарғайиб туришни... Уларга пулини тўлаб, консалтинг компания ҳамма масаласини ҳал қилиб бериши керак.

Керак бўлса давлат-хусусий шерикчилик асосида шу йилнинг охиригача ҳар бир вилоятда ҳеч бўлмаса биттадан консалтинг компанияни тузишни ҳаракатини қилишимиз керак. Буни қилмасак, биз жойларда инвестицион инфратузилма барпо этдик, дейишга ҳали эрта бўлади», – дея қайд этиб ўтди Содиқ Сафоев.

Мавзуга оид