Иқтисодиёт | 18:06 / 27.08.2019
7263
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Миллий банки ва Хитой Давлат тараққиёт банки 309 миллион АҚШ доллари миқдорида шартнома тузди

Хитой Давлат Тараққиёт Банки (ХДТБ) ҳамкорлик йиллари давомида бир неча маротаба пул маблағларини тақдим этди, улар орқали Миллий банк 460 дан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштирди, шу жумладан, умумий қиймати 655 млн. АҚШ доллари бўлган 6 та транш ўзлаштирилди.

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида 2019 йил 26 августда Ўзбекистон-Хитой халқаро ҳамкорлик комиссиясининг 5 йиғилиши доирасида Миллий банк ва ХДТБ ўртасида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг самолёт паркини модернизация қилиш лойиҳаси бўйича 309,0 миллион АҚШ доллари миқдорида шартнома имзоланди.

Ушбу лойиҳаларни молиялаштиришнинг асосий банки сифатида ХДТБни танлаш, экспортни суғурталаш агентликларидан фойдаланмасдан, етказиб бериш тўловлари учун имтиёзли даврни таъминлайдиган молиялаштиришнинг энг қулай шарт-шароитлари таъминланиши билан боғлиқ. Бу эса ресурслар нархи ошиши олдини олади.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси паркини янгилаш мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ва авиакомпаниянинг йўловчилар оқимини кўпайтириша қаратилган.

ХДТБ билан ҳамкорлик қилишнинг афзалликлари кўп йиллик ҳамкорлик тажрибаси, қулай молиявий шароитлар ва ҳужжатлар тезкорлик билан кўриб чиқилиши ҳисобланади.

Имзоланган битим икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга кучли туртки беради ва пул-маблағларини нафақат кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидаги имтиёзли шартларда жалб қилиш, балки Ўзбекистон иқтисодиётининг барча соҳаларида йирик стратегик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун имконият яратади ҳамда шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ва молиявий институтлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг кўрсаткичидир.

«Ўзмиллийбанк» Матбуот хизмати

Мавзуга оид