Андижонда алданган аёллар ҳақидаги коттеж машмашаси ҳали кўпчиликнинг ёдида. Ушбу можаро ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Тошкент вилояти, Янгийўл туманида яшовчи Алиевлар оиласи ҳам шунга ўхшаш вазиятда. Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг январида мазкур ҳудудга ташрифи давомида эски, ҳолати ҳаминқадар бўлган туман тиббиёт бирлашмасида ҳам бўлган эди. Беморлар билан суҳбат давомида давлат раҳбари ёши улуғ онахонга, бир йилда икки фарзандидан айрилган аёл Зулайҳо Алиевага «отасиз қолган набираларингиз учун» деб уй совға қилганди.

Ўша онахоннинг ўғли, сайт таҳририятига мурожаат қилган Умарали Алиевнинг сўзларига кўра, ўтган бир ярим йилдан буён уйдан дарак йўқ, давлат раҳбарининг совғасини олмоқчи бўлган бу оила ҳокимликлар ўртасида сарсон бўлиб келмоқда. Биз ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида оила яшаб келаётган хонадонга йўл олдик.

Хонадон катталари билан суҳбат

Камсуқумгина ўзбек оиласи билан учрашдик. Бир пиёла чой устида суҳбатимиз бошланди. Сўзни аввал катталарга бердик.

«2017 йил, янги йил арафасида уйда ўзим қолгандим. Бувиси (Зулайҳо Алиев – таҳр.) ҳам ўғлимникига чиқиб келаман, деб борган эди. Кечки соат 2:00лар чамаси ўғлим югуриб чиқди. «Онам шифохонага тушиб қолибди» деди. Шифохонага борсам ҳушсиз ётган экан. Эрталаб борсам ўзига келибди. Шундан сўнг 3-4 кун даволанди. Кейин, 5 январь куни президентимиз шифохонага кириб келган. Кириб айнан буларнинг олдига кирибди ва мулоқот қилибди. Ўша куни кечки вақт олдимга мухбирлар келишди. Мен нималар бўлаётганини тушунмадим. Уй совға қилинганини айтишганди, президентдан уй сўрабдими деб ҳайрон бўлиб савол бердим. Келганлар «Бу уй сиз учун ҳам эмас, аёлингиз учун ҳам эмас. Президент уйни 3 нафар етим қолган невараларингиз учун берди. Кирсак майлими?», деб дўқ қилганнамо гапиришди. Фақат ҳаммасини тўғри етказинглар, бировнинг ортидан кимдир калтак еб қолмасин, дея йиғлаб тушунтирдим. Мухбирлар совға тўлиқ олингунча тепасида туришларини айтишди. Икки кундан кейин ҳокимиятга чақиришди. Туман ҳокими билан гаплашдим. Бадаллар, уй нархлари ҳақида айтишди. «Кечирасизлару, менга уй беринглар демаганман. Невараларимга уй совға қилинибди. Сизни тушунмаяпман. Бир хонали уй таклиф қиляпсиз, бутун дунё эшитди-ку 3 хонали уй совға қилинганини. Орадан бир кун ўтибоқ, 1 хоналига тушиб қолди. Мен бундай уйни олсам, президентимиз лафзсизга чиқиб қолади-ку» дедим. Шундан кейин ҳоким аччиқланиб кетди ва «3 хонали уй дейилган бўлса 3 хонали, 3 қаватли дейилган бўлса 3 қаватли уй қуриб берамиз сизга. Сиёсатга айлантирманг», деди.