Бугун Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими вақтида ўтган мавсумнинг энг яхши футболчилари ҳам тақдирланади. Асосий соврин - «Кумуш футболка»га Лионель Месси, Криштиану Роналду ва Виржийл ван Дейк даъвогар. Лео ва Криштиану — ҳар доимгидай. Бу охирги сафарми? Спорт-Экспресс колумнисти шу ҳақда тўхталди.

У табассум қилди, у жиддий қиёфа билан унинг қўлидан тутиб юрди. Данни Костер ва Жорди Кройф. Йохан Кройфнинг беваси ва унинг ўғли. Улар сешанба оқшомида «Барселона»нинг бошқа кўплаб вакиллари билан бирга буюк нидерланд футболчиси шарафига номланган стадионнинг очилишида қатнашишди.

Йохан Кройф кечагина еврокубокларнинг навбатдаги мавсуми арафасидаги тадбирларда қатнашиб юрарди. Тирик ва янги ғоялар билан. Кейин у дорилбақога рихлат этди. Аммо ундан ном, мерос, футбол фалсафаси қолди.

Шунингдек, унинг ғояларини амалда қўллайдиган мураббийлар ва футболчилар. Улардан бири — Месси. У кўп йиллардан буён пасларга асосланган ақлли ва чиройли футболи билан мухлисларни хурсанд қилишдан чарчамай келмоқда.

Ва унинг асосий рақобатчиси Роналду ҳам миллионлаб мухлисларни футболга маҳлиё қилиб келмоқда, ҳамма ким зўрроқлиги — аргентиналикми ёки португалиялик — баҳс олиб боради.

Албатта, яна бошқа футболчилар ҳам бор — Жанлуижи Буффон, Луис Суарес, Франк Рибери, Гарет Бэйл, Антуан Гризманн... Ҳамиша дуетга бир футболчи қўшилиб трио ҳосил қилиб келган. Аммо улар эмас, айнан Месси ва Роналду замонавий футболнинг тимсоллари бўлиб келишмоқда.

Пас ва дриблинг атлетизм ҳамда тезликка қарши. Туғма талант ва ақл бовар қилмас меҳнаткашлик. Улар мутлақо бир-бирига ўхшамайди ва бир хил даражада машҳур.

Лекин вақт шафқатсиз. Месси «Барса»нинг янги умиди Ансу Фатига фотиҳа берди. Роналду келажакнинг энг яхшиларидан бири бўлишга номзод Маттейс де Лигтни қўлламоқда. Гарчи, ҳозирча улар бу ёш футболчилар билан елкама-елка тўп суришмаган бўлишсада.

Ҳозирча... Аммо, афсуски, бу «ҳозирча» ҳам чегараланган — бир, икки ёки уч йил. Эҳтимол, Лионель ва Криштиану ўртасидаги ўзига хос футбол ринги бу йил охирги марта кузатилар? Ван Дейкми? Ҳатто «Кумуш футболка» унга насиб қилса ҳам, «Барса» ва «Юве» вакиллари энг яхшилар сифатида эътироф этилаверади.