Самарқандда ҳайдовчилар йўлдаги итни босиб ўтишга ҳаракат қилишди. Ит қутурган бўлгани тахмин қилинмоқда
28 август куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳри марказий кўчаларидан бирида автомобил ҳайдовчилари йўлдаги итни босиб ўтишга урингани тасвирланган видео тарқалди. Видеода аввалига «Nexia» ҳайдовчиси итни машинада туртиб ўтгани, ундан кейин Spark «Spark» машинаси уни босиб кетишга ҳаракат қилгани кўринади. Яна бир видеода эса ички ишлар органи ходими итга ҳужум қилгани кўрсатилган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан ҳайдовчилар ва ички ишлар органларининг хатти-ҳаракатлари кескин қораланмоқда. Фойдаланувчилар жониворга бундай ноинсоний муносабатни кескин танқид остига олиб, айбдорлар қонунда белгиланганидек жазоланишини талаб қилишмоқда.
Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизмати Kun.uz’га мазкур масала юзасидан аслида нималар бўлгани ҳақида маълумот берди.
«Видеода кўрсатилган ит қутурган деб гумон қилинмоқда. Чунки у жами 15 нафар фуқарога ташланиб, уларнинг барчасини турли даражада тирнаб, тишлагани аниқланган.
Итдан жабр кўрган фуқароларнинг барчаси шифохонага ётқизилган ва айни пайтда улар зудлик билан антирабик эмлаш курсини олишмоқда.
Дастлабки тахминларга кўра қутургани айтилган ит ҳужумидан жароҳат олган барча беморлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси назоратига олинган.
Ҳолат юзасидан 2019 йил 28 август куни соат 03:00да Самарқанд шаҳар ИИБ ППХБ ва ЖТСБ карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари ва ит овлаш бригадаси ходимлари томонидан олиб борилган ушлаб олиш тадбири давомида қутурганликда гумон қилинган ит яна бошқа фуқароларни ва ёш болаларни тишлаб олиши ҳамда жароҳат етказишининг олдини олиш мақсадида кўрилган чоралар натижасида ушланди», дейилади маълумотда.
Ушлаш жараёнида ит тадбир иштирокчиси бўлган ИИБ ходимини ҳам тишлаб олган. Ушбу ит «ухлатилган» ва унинг мияси шаҳар ветеринария бўлими томонидан белгиланган тартибда вилоят ветеринария бошқармасининг вирусология лабораториясига юборилган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Kun.uz’га хабар қилишича, итнинг мияси таҳлиллардан ўтказилиб, унинг қутурган ё қутурмагани ҳақидаги таҳлиллар натижаси камида уч ҳафтадан сўнг маълум бўлади.
Агар ит чиндан ҳам қутуриш касалига йўлиққани тасдиқланса, даволаниш яна давом эттирилади.
Бизга маълум бўлишича, ушбу ит Самарқанд шаҳри темир йўл вокзалидан шимолдаги маҳалла ҳудудида жойлашган уйлардан биридан бўшалиб чиққан ва шаҳар бўйлаб одамларга ташланиб Мирзо Улуғбек кўчасигача келган.
Вилоят ССБ масъул ходимининг сўзларига кўра, вилоят ортопедия ва травматология шифохонасига 8 киши зудлик билан ётқизилган. Эртаси куни шаҳар ҳудудидаги оилавий поликлиникаларга мурожаат қилган фуқаролар аниқланган ва яна 7 кишига ит ҳужум қилгани маълум бўлган. Ит тишлаб олганларнинг барчаси 18 ёшдан катта одамлар бўлган. Улардан икки нафари аёл киши. Уларнинг барчасига қоқшол ва қутуришга қарши зудлик билан вакцинация ўтказилган.
ССВ ходими ит ҳужум қилган фуқаролардан уч нафарига итнинг фақат сўлаги сачрагани учун жавоб берилгани, қолган 12 нафарида тирнаш ва тишлаш билан жароҳат етказилгани аломатлари бўлгани учун улар ҳозир эмлаш жараёнида эканини ҳам тасдиқлади.
Қутуриш касаллиги — нейротроп вирус қўзғатадиган, мулоқот йўли билан юқадиган, нерв тизимининг кучли зарарланиши билан кечадиган ва ўлим билан тугайдиган ўта хавфли зооантропоноз юқумли касалликдир.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ тайёрлади.
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
14:32 / 16.11.2024
АҚШда жуфтлик тўйи учун тўплаган пулларни уйсиз итнинг операциясига сарфлади
13:49 / 14.11.2024